Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида янги контейнер ташиш йўлга қўйилди
TASHKENT. Kazinform - “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ Ҳиндистоннинг Мундра, Нхава-Шева ва Ченнай шаҳри портларини Ўзбекистон билан боғловчи янги мультимодал йўналиш ишга туширилгани тўғрисида маълум қилди. Ушбу йўналиш икки давлат ўртасида юкларни етказиб бериш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради ва тезлаштиради, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
Компания матбуот хизмати хабар беришича, юклар дастлаб Ҳиндистондан денгиз орқали Эроннинг Бандар-Аббос портига транспортда ташилиб, кейин темир йўл транспортида Эроннинг Серахс станциясига олиб келинади. Шундан сўнг “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг платформасига ортилади ва Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистоннинг Сергели станциясига юборилади.
Ушбу йўналиш бўйича ҳаракатланган илк юк поезди 20 кун ичида 2673 км масофани босиб ўтиб, ҳар бирининг ҳажми 20 фут бўлган 20 та контейнерни муваффақиятли етказиб берди. Компания келгусида етказиб бериш муддатини 15 кунгача қисқартиришни режалаштирган. Бу логистика самарадорлигини сезиларли равишда оширади ва юкларни ташиш учун кетадиган сарф-ҳаражатларни камайтиради.
Янги йўналиш Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар очади, шу билан бирга, Евроосиё маконида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам беради.