ХХРда ўтказилган тадбирларда Ерлан Қарин бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси иштирок этди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистоннинг оммавий ахборот воситалари ва таҳлилий тузилмалар вакилларидан иборат делегацияси Пекиндаги қатор тадбирларда иштирок этди. Делегацияга ҚР Давлат маслаҳатчиси бошчилик қилди.
Ерлан Қарин Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгашининг Бутунхитой қўмитаси раиси Ван Хуннинг ва Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг ташвиқот бўлими мудири Ли Шулэй билан учрашди.
Учрашувда томонлар ўз мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган асосий иш йўналишлари билан таништирди. Улар икки давлатда амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилдилар. Қозоғистонда бўлиб ўтадиган иккинчи “Марказий Осиё – Хитой” саммити муносабати билан қўшма тадбирлар ташкил этишга ҳам келишиб олдилар.
Ерлан Қарин Хитой Ижтимоий фанлар академияси президенти Гао Сянь билан учрашди. У Қозоғистон ва Хитой таҳлил марказларининг биринчи форумида ҳам сўзга чиқди.
Форум доирасида Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти ва Хитой ижтимоий фанлар академияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, икки давлат таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича сессия бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида Қозоғистон давлат телекомпаниялари раҳбарлари Хитойнинг энг йирик медиакорпорацияси «China Media Group» фаолияти билан танишди. Учрашувда хитойлик ҳамкасблар билан ахборотлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Давлат маслаҳатчиси Хитой Халқ университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун маъруза қилди. Маъруза давомида ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Давлат маслаҳатчиси хитойлик ҳамкасбларига учрашувлар якуни бўйича кенг кўламли тадбирлар ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди. У икки давлат раҳбарлари шарофати билан Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли ва абадий стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.