Ханун тайфуни Японияга етиб келди

Тўфон туфайли оролда электр таъминоти узилган, синкансэн тезюрар поездларининг ҳаракати ҳам тўхтатилган.
Япония метеорология агентлиги секин ҳаракат қилаётган тайфун ер кўчкилари, сув тошқинлари ва кучли шамолларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтди. Кюсю жанубида ва шимолида, шунингдек, Амами-Осима оролида кучли ёмғир бўлиши мумкин.
Агентликнинг қўшимча қилишича, Тинч океани соҳилидаги Япониянинг ғарбий ва шарқий қисмини қамраб олган ҳудудларда август ойида рекорд даражадаги ёғингарчилик кузатилиши мумкин.
Kyushu Electric Power Co. маълумотларига кўра, чоршанба куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10:00 ҳолатига кўра, Кумамото, Оита, Миязаки ва Кагосима префектураларида 17 630 га яқин уй электр таъминотидаги узилишлардан зарар кўрган.
Метеорология агентлиги маълумотларига кўра, соат 14:00 да «Ханун» тўфони Макуразаки шаҳридан 140 км ғарбда бўлган. Тайфундаги шамол тезлиги соатига 144 км га етади.
Бундан ташқари, Yonhap ахборот агентлигининг хабар беришича, чоршанба куни жанубий Чеджу оролида яқинлашиб келаётган «Ханун» тўфони сабабли 140 га яқин рейслар тўхтатилган.
Корея метеорология бошқармаси маълумотларига кўра, кучли тўфон Япониядан Жанубий Корея томон ҳаракатланяпти. Прогнозларга кўра, эртага мамлакатнинг жанубий қирғоқбўйи ҳудудларига ўтади.
Чеджу халқаро аэропортининг маълум қилишича, кунига режалаштирилган 492 рейсдан 137 таси маҳаллий вақт билан соат 13:00 ҳолатига кўра бекор қилинган.
Оролдан оролга йўловчилар қатнови ҳам тўхтатилди ва жума кунигача давом этмайди.