Халқаро қидирувда бўлган 2 нафар Ўзбекистон ва 1 нафар Россия фуқароси Қозоғистонда қўлга олинди
TÚRKİSTAN. Кazinform – Қўлга олинганлар орасида ўғирлик қилиб, қамоқдан қочганлар ҳам бор.

Туркистон вилояти ИИБ Экстремизмга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган 3 нафар хорижлик қўлга олинди. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси. У икки йил давомида халқаро қидирувда бўлган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Ордабаси туманида қўлга олинган. Талончиликда айбланган 38 ёшли эркак 2020 йилда қамоқдан қочиб, кейин Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Мазкур фактга кўра, ҳодисанинг тўлиқ ҳолатлари аниқланмоқда.
Иккинчи гумонланувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси. Экстремизмга қарши курашиш бўлими ва Жиноят полицияси ходимлари Сариағаш полиция ходимлари билан биргаликда ўтказган тадбирда қўлга олинган. 30 ёшли чет эл фуқаросига гиёҳванд моддаларни сақлаш билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун Астана шаҳар полиция бошқармаси томонидан қидирув эълон қилинган.
Халқаро қидирувда бўлган учинчи шахс – Россия Федерацияси фуқароси Келес туманида қўлга олинди. У 2022 йил декабрь ойида қўшни давлатда қидирувга берилган. Ҳозирда 21 ёшли хорижлик ҳибсга олинган.
Туркистон вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, бугунги кунда гумонланувчиларни экстрадиция қилиш масаласи давом этмоқда.