Халқ фаровонлигини ошириш мақсадида Ҳукумат дадил ва самарали қадамлар ташлайди – Олжас Бектенов

ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазири Олжас Бектенов маҳаллий маҳсулотларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

олжас бектенов
Фото: видеодан лавҳа

Янги тайинланган Ҳукумат раҳбари Президент томонидан билдирилган юксак ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратини ишга солишини таъкидлади.

“Менинг номзодимни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Маълумки, Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантириш бўйича қатор кенг кўламли топшириқлар берилган. Бу вазифаларнинг барчаси мукаммал тарзда бажарилади. Биз мисли кўрилмаган қийинчиликлар даврида катта иқтисодий ютуқ қилишимиз керак. Халқ фаровонлигини ошириш йўлида Ҳукумат томонидан дадил ва самарали қадамлар қўйилади”, — деди О.Бектенов Мажлиснинг умумий йиғилишида.

Унга кўра, қайта ишлаш саноатини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Биз нефть-газ ва кўмир кимёси, металлни чуқур қайта ишлаш, машинасозлик, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, яъни юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тармоқларни максимал даражада ривожлантирамиз. Маҳаллий ишлаб чиқаришимизни рағбатлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тартибга солинадиган харидлар доирасида биз Қозоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улушини ошириш ва ўнинчи ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида офтейк тизимини тўлиқ жорий қиламиз. Асосий мақсад бошқа давлатни эмас, ўзимизнинг миллий бизнесимизни қўллаб-қувватлаш. Қишлоқ хўжалигининг улкан салоҳиятидан тўғри фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Гўшт, сут, дон маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга эътибор қаратамиз. Электр, иссиқлик ва сув таъминоти йўналишида фаол иш олиб борамиз. Самарасиз харажатларни камайтириш орқали тежалган маблағлар инфратузилмани янгилашга йўналтирилади. Транспорт-логистика саноатини ривожлантириш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш, шубҳасиз, Ҳукуматнинг устувор йўналишларидан бири бўлади. Рақамлаштириш, сунъий интеллектни қўллаш соҳасини кенгайтириш, ҳисоблаш қувватини ошириш жуда муҳим вазифалардир. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган қонун-тартибот тамойилини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган чора-тадбирларни кўрамиз. Халқнинг бошқа долзарб масалалари ҳамиша Ҳукумат эътиборида бўлади. Ҳукумат халқимиз фаровонлиги, юрт равнақи йўлида хизмат қилади”, – деди Ҳукумат раҳбари.

Сўнгги хабарлар