Грузияда охирги 24 соат ичида учта зилзила содир бўлди

10 август куни маҳаллий вақт билан 18:34 да Дманиси шаҳридан 24 км ғарбда 3,1 магнитудали зилзила содир бўлди. 11 август куни соат 01:14 да Ниноцминда шаҳридан 25 км шарқда жойлашган Самеба қишлоғида 3,2 магнитудали зилзила сезилди. Уч дақиқадан сўнг 3,1 магнитудали зилзила содир бўлди.
Грузияда охирги бир ой ичида 1,2 мингдан ортиқ зилзила қайд этилган. Уларнинг аксарияти Джавахет тизмасидаги Самеба қишлоғида эди. Сейсмик мониторинг миллий маркази раҳбари Тея Годоладзе Netgazeti нашрига берган интервьюсида экспертлар бу жараёндан ажабланмаганини айтди. Бунинг сабаби, Жавахет тизмасида вулқон бор. Годоладзенинг таъкидлашича, тадқиқот натижаларига кўра, бу ҳодиса аҳоли учун жиддий хавф туғдирмайди.
Грузия сейсмик фаоллиги ўртача бўлган мамлакат. Грузиядаги энг кучли зилзилалар 1991 йилда Ғарбий Рача ва Имерети(Ғарбий Грузия) ҳудудларида содир бўлган. Зилзила эпицентрида 9 баллга етди. Натижада 200 киши ҳалок бўлди, 46 минг уй ва саноат объектлари вайрон бўлди.