Грузия парламентида депутатлар муштлашиб кетди

Грузия парламентида депутатлар муштлашиб кетди
Фото: Видеодан скрин

ТBILISI. Kazinform – Грузия парламентининг мухолифатдаги “Фуқаролар” партияси аъзоси Александр Элисашвили хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ҳукмрон партияси ижрочи котиби, парламентдаги кўпчилик етакчиси Мамука Мдинарадзе билан муштлашиб кетди. Йиғилиш қонун чиқарувчи орган сайтида жонли эфирда намойиш этилди.

ТАСС агентлигига кўра, Мдинарадзе қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиққан парламентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси йиғилишида депутатлар саволларига жавоб бераётганди. Тўсатдан Элисашвили унинг олдига югуриб келиб, қўли билан бошига урди. Жанжалга бошқа депутатлар ҳам қўшилди. Қўмита мажлиси тўхтатилди. Қўриқчилар Элисашвилини мажлислар залидан олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлди.

Грузиянинг ҳукмрон партияси апрель ойи бошида “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламентга қайта киритиш тўғрисидаги қарорини шу каби ташаббус оммавий норозиликларга сабаб бўлганидан бир йил ўтиб эълон қилди. Қонун лойиҳаси матнида 2023 йилдаги каби, “хорижий таъсир агенти” атамаси ўрнига "хорижий кучнинг манфаатларини кўзлайдиган ташкилот" тушунчаси ишлатилган.

Қонун лойиҳасига мухолифат, Президент Саломе Зурабишвили, шунингдек, дипломатик корпус, жумладан, ЕИнинг Грузиядаги миссияси ва АҚШ элчихонаси қарши чиқди. Ташаббус мухолифларига кўра, қонун лойиҳаси Грузиянинг Европа Иттифоқига интеграциялашувига тўсқинлик қилади.

Сўнгги хабарлар