Головкин Халқаро Олимпия қўмитаси комиссияси аъзоси этиб тайинланди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Геннадий Головкин Халқаро олимпия қўмитасининг Olympism 365 комиссияси аъзоси этиб тайинланди.

Бу ҳақда ХОҚ президенти жаноб Томас Бах Қозоғистон МОҚга йўллаган расмий хатида маълум қилди, дея хабар беради қўмита матбуот хизмати.
“Сизни комиссия аъзоси этиб тайинлаш мен учун катта шарафдир. Комиссия ишига қўшган улкан ҳиссангиз учун олдиндан миннатдорчилик билдираман”, – дейилади мактубда.
ХОҚ комиссиялари унинг президенти Томас Бах ва ХОҚ иш органлари томонидан тузилади, улар ХОҚ фаолиятини мувофиқлаштиради, стратегияларни ишлаб чиқади ва қарорлар қабул қилиш учун ташкилотнинг Ижроия қўмитаси ва ишчи сессияларига тавсиялар беради.
Olympism 365 комиссияси спортнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим омил сифатидаги ролини кучайтириш устида иш олиб боради.
Olympism 365 стратегияси Олимпия ҳаракати ичида ва ташқарисида кўплаб ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш орқали амалга оширилади. Лойиҳанинг устувор йўналишлари аҳоли саломатлиги ва жисмоний фаоллигини ошириш, адолат, хавфсизлик ва инклюзивлик тамойилларини мустаҳкамлаш, тинчликни сақлаш ва таълим орқали спортнинг олимпия тамойилларини намойиш этишдан иборат.
Комиссия таркибига ХОҚ аъзолари, Олимпия ҳаракатининг таниқли расмийлари, шунингдек, Иордания валиаҳд шаҳзодаси Файсал Ал Ҳусайн, Халқаро енгил атлетика федерацияси президенти Себастьян Коэ, Қатар МОҚ президенти, Шайх Жоан бин Ҳамад бин Халифа Ал Сони, шунингдек, фаол спортчилар ва машҳур олимпиячилар киради.