Германиянинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси 2035 йилга бориб 3 млн кишига қисқаради

Германия Иқтисодиёти Институти (IW) маълумотларига кўра, Германиянинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси ҳозирда энг юқори даражага етди ва бундан буён ҳам пасайишда давом этади.
«Германиянинг 15-64 ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳолиси сони 2035 йилга бориб ҳозирги 53,1 миллиондан 50,1 миллионга камаяди», - деб ёзади немис t-online портали IW тадқиқоти натижаларига таяниб.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар ўз ҳисоб-китобларида 2023 йилгача тахминан 420 минг киши ва 2035 йилгача 320 минг кишини ташкил этадиган йиллик иммиграция даражасини ҳисобга олишди.
Меҳнатга лаёқатли аҳолининг камайиши кейинги ўн йилликда туғилишнинг юқори кўрсаткичлари, кейин эса пасайиш даврида туғилганларнинг пенсияга чиқиши билан боғлиқ.
Эксперт: Германия меҳнат бозорида кескин вазиятга дуч келмоқда
«Биз танқидий вазият томон кетяпмиз», - деди тадқиқот муаллифи, IW эксперти Хольгер Шефер (Holger Schäfer) нашрга берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, Германияда прогноз қилинган тенденцияни юмшатиш учун ҳар йили ишчилар сонини 400 минг кишига ошириш керак.
Шундай қилиб, ҳар йили бир миллиондан ортиқ киши Германияни тарк этишини ҳисобга олсак, ҳар йили деярли 1,5 миллион киши мамлакатга кўчиб ўтиши керак.
Шу билан бирга, иқтисодчи Германияга фақат малакали одамларни иммиграцияга ундаш истагидан огоҳлантирди. «Биз Германияга фақат тўлиқ тайёргарликдан ўтган мутахассисларни жалб қилиш ғоясидан воз кечишимиз керак. Малакалими ёки йўқми, агар етарлича одам келса, хурсанд бўлишимиз керак», -дея таъкидлади у ва малакасиз муҳожирлар таълимига эътибор қаратишга чақирди.