Германиядаги иссиқ ҳаво ғалла ҳосилига таъсир қилди
Германияда деҳқонлар жазирама ва кутилаётган қурғоқчилик туфайли ўз ҳосилидан хавотирда. Бу ҳақда Германия деҳқонлар иттифоқи раҳбари Йоахим Руквид маълум қилди.
«Бу йил бир қатор ҳудудларда қурғоқчилик ва жазирама катта муаммо», - деди у.
Унинг сўзларига кўра, иссиқ ҳаво аллақачон ғалла ҳосилига таъсир қилган.
«Ҳали йиғиб олинмаган маккажўхори ёки картошка ҳам юқори ҳароратдан азият чекади. Агар яқин келажакда ёғингарчилик бўлмаса, катта йўқотишлар кутилмоқда», - дея қўшимча қилди у.
2018 йилда саккиз федерал штатдаги немис фермерлари қурғоқчиликдан кўрган зарар деярли 3 миллиард еврони ташкил қилган. Шундан сўнг Руквид мамлакат ва федерал штатлар расмийларини зарар кўрган ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига илк ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритишга чақирди.
Германия метеорология хизмати (DWD) маълумотларига кўра, бу ҳафта кутилаётган жазирама Цельсий бўйича 40 даражага етиб бориши мумкин. Мамлакатнинг кўп ҳудудларида ҳаво ҳарорати тахминан 35 даражагача, жануби-ғарбий ва ғарбий ҳудудларда 39 ёки 40 даражагача кўтарилади.
Фото: dw.com