Германияда ёш сиёсатчи «Зиг-Хайл» деб нацистлар каби салом бергани учун ҳибсга олинди

Яқинда Бавария парламентига сайланган ёш немис сиёсатчиси нацистларга оид материалларни сақлашда айбланиб ҳибсга олинди. 22 ёшли Даниэль Халемба ҳақида қўшнилари полицияга хабар беришган. Уларнинг сўзларига кўра, ёш сиёсатчининг квартирасидан нацистларнинг саломи эшитилган, дея хабар беради Каzinform агентлиги BBC Newsга таяниб.

Халемба
Фото: DW/X

Халемба парламент аъзоси сифатида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлишидан бир неча соат олдин ҳибсга олинган.

У бу йил Бавария парламентига сайланган ўта ўнгчи “Германия учун муқобил” (AfD) партиясининг 32 нафар аъзосидан бири эди.

Умуман олганда, AfD мамлакатдаги энг йирик мухолифат партиясидир.

Сентябрь ойида Вюрцбург полицияси Халембанинг талабалар жамоасига рейд ўтказди. Чунки қўшнилар Германияда Иккинчи жаҳон урушидан бери тақиқланган фашистларнинг «Зиг-Хайл» саломини эшитганларидан шикоят қилишган.

Полиция ходимларининг айтишича, рейд давомида қўшниларнинг сўзлари ўз тасдиғини топиб, ноқонуний материаллар топилган ва олиб қўйилган.

Жума куни Халемба учун ҳибсга олиш ордери чиқарилган ва у душанба куни эрталаб Баден-Вюртембергдаги Штутгарт яқинида ҳибсга олинган.

Ҳозирда у ҳукуматга қарши тарғибот ва Германияда тақиқланган нацист рамзларига эга бўлгани учун тергов қилинмоқда.

“Улар мени мутлақо ноқонуний ордер билан ҳибсга олмоқчи бўлди”, - деди Халемба ҳибсга олинишидан олдин ижтимоий тармоққа жойлаган видеода.

Унинг адвокати Дубравко Мандич ҳам мижозига қўйилган айбловлар асоссиз эканини даъво қилмоқда.

Бавария парламентидаги AfD фракцияси раҳбари Катрин Эбнер-Штайнернинг айтишича, Халемба сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинмоқда.

Асосан иммиграцияга қарши ва айни пайтда Украина тарафдори бўлган AfD сўнгги йилларда кўп овозларни қўлга киритди ва сўровларда мунтазам равишда иккинчи ўринда туради.

Сўнгги хабарлар