Германияда иш ташлашлар бошланди: поезд машинистлари ишни тўхтатди

Германия иш ташлашлар тўлқинига дучор бўлди. Юк ва йўловчи поездлари машинистлари уч кунлик норозилик намойишини бошладилар, бу эса бутун мамлакат бўйлаб темир йўл қатновида узилишларга олиб келди. Шу билан бирга, немис фермерлари субсидияларнинг қисқартирилишига қарши норозилик сифатида йўлларни тўсиб қўйишда давом этмоқда, дея хабар беради Каzinform агентлиги BBCга таяниб.

Германияда иш ташлашлар бошланди: поезд машинистлари ишни тўхтатди
Фото: pixabay.com

Deutsche Bahn (DB) миллий темир йўл оператори маълумотларига кўра, шаҳарлараро поездларнинг қарийб 80 фоизи бекор қилинган. Чекловлар минтақавий транспортга ҳам таъсир қилади.

Машинистлар касаба уюшмаси маошни оширишни, шунингдек, поезд машинистларининг иш вақтини - ҳафтасига 38 соатдан 35 соатгача қисқартиришни талаб қилмоқда.

Deutsche Bahn компанияси бу талабларга жавоб бера олмаслигини айтади.

Машинистларнинг норозилиги туфайли миллионлаб йўловчилар режаларини бекор қилишга ёки манзилларига етиб боришнинг бошқа йўлларини топишга мажбур бўлишди.

Иш ташлаш 10 январда бошланган ва 12 январь, жума куни якунланиши керак. Унгача Германияда вақтинчалик фавқулодда поездлар жадвали амал қилади.

Фермерларнинг иш ташлаши

Машинистларнинг иш ташлаши немис фермерларининг норозилик намойишлари ўтган йилнинг декабрь ойидан бери давом этаётган бир вақтда содир бўлди.

Душанбадан бери фермерлар тракторлари билан баъзи автомагистралларни тўсиб, шаҳар ва қишлоқларда митинглар ўтказмоқда. Намойишлар, шунингдек, йўл ҳаракатининг жиддий бузилишига сабаб бўлган.

Фермерлар ўтган йил охирида бюджет тақчиллигини камайтиришга қаратилган бир қатор қаттиқ чораларни жорий этган Германия ҳукумати билан бир неча ҳафта давомида музокаралар олиб боришди.

Бошқа нарсалар қатори, ҳукумат дизель ёқилғисига субсидияларни бекор қилишни ва қишлоқ ва ўрмон хўжалигида фойдаланиладиган ускуналарни транспорт солиқларидан озод қилмасликни мақсад қилган.

Фермерларнинг оммавий норозиликларидан сўнг ҳукумат бюджетни тежаш чораларини юмшатишга рози бўлди, хусусан, субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишга қарор қилди ва техника учун солиқ имтиёзларини сақлаб қолди.

Бироқ, бу фермерларни тинчлантиришга ёрдам бермади, улар ҳукуматдан субсидияларни қисқартиришдан бутунлай воз кечишни талаб қилишда давом этмоқдалар.

Сўнгги хабарлар