Германияда гриппга қарши вакцина танқислиги кузатилмоқда
ASTANA. Kazinform – Германияда гриппга қарши вакциналар етказиб бериш кечиккани сабабли айрим тиббиёт муассасаларида эмлаш препаратлари танқислиги юзага келди. Бу ҳақда Германия умумий амалиёт шифокорлари уюшмаси раиси Никола Булингер-Гёпфарт маълум қилди.
Вакцина танқислиги мамлакатда гриппга қарши оммавий эмлаш кампанияси ўтказилаётган даврда кузатилмоқда.
Уюшма раҳбарининг айтишича, айрим шифокорлик кабинетларига вакциналар белгиланган муддатдан анча кеч етказилган ёки буюртма қилинган миқдордан кам келган. Айниқса, 60 ёшдан ошган шахслар учун мўлжалланган препаратлар билан боғлиқ муаммолар юзага келган.
Шу сабабли шифокорлар мавжуд вакциналарни излаб, дорихоналарга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Айрим беморлар эса режалаштирилган эмлаш вақтини кечиктирган.
«Бу эмлаш кампаниясини ўтказишга жиддий тўсқинлик қилмоқда. Бунинг устига, аҳолининг эмлаш билан қамраб олиниш даражаси шундоқ ҳам жуда паст”, – деди Никола Булингер-Гёпфарт Augsburger Allgemeine нашрига берган интервьюсида.
Германиянинг Пауль Эрлих институти жорий йилда вакцина партияларини текшириш ва муомалага чиқариш ишлари одатдагидан кеч бошланганини тасдиқлади.
Бунга ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериш жараёнининг кечикиши сабаб бўлган. Хусусан, вакцина таркибидаги грипп вирусининг учта штаммини ҳам янгилаш зарурати ишлаб чиқариш жараёнини секинлаштирган.
Шунга қарамай, институт вакиллари мамлакат бўйлаб оммавий вакцина танқислиги мавжуд эмаслигини таъкидламоқда. Ноябрь ойи бошига қадар Германияда 20,2 миллион доза вакцина муомалага чиқарилган.
Мутахассисларнинг фикрича, талаб юқори бўлган тақдирда айрим ҳудудларда вақтинчалик танқислик юзага келиши мумкин.
Германия Федерал фармацевтлар уюшмаси ҳам вазиятни ўта жиддий деб баҳоламаётганини маълум қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, вакциналар умуман олганда етарли миқдорда етказиб берилмоқда. Бироқ айрим дорихоналарда препарат вақтинча мавжуд бўлмаслиги мумкин.
Умумий амалиёт шифокорлари эса муаммонинг сабабларидан бири вакциналарга олдиндан буюртма бериш тизимида эканини таъкидламоқда.
Тиббиёт муассасалари эмлаш мавсуми бошланишидан тахминан тўққиз ой олдин буюртма беришлари керак. Бироқ бу вақтда ҳақиқий талабни аниқ башорат қилиш қийин.
Агар вакцина ҳаддан ташқари кўп буюртма қилинса, молиявий хавф юзага келади. Буюртма миқдори етарли бўлмаса, қўшимча препаратларни тезкор равишда олиш қийинлашади.
Роберт Кох институти тавсияларига мувофиқ, гриппга қарши эмланишни октябрь ойидан декабрь ўрталарига қадар амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бу мавсумий касалланиш авж нуқтасига етгунига қадар организмда иммунитет шаклланишига имкон беради.