Германияда электр энергияси солиғи 20,5 бараварга камаяди
ASTANА. Кazinform — 2027 йил 1 январдан бошлаб Германия электр энергияси солиғини 20,5 бараварга камайтиради. Ҳукмрон коалиция солиқ ставкасини Европа Иттифоқидаги энг паст даражага туширишга рози бўлди. Бу немис оилаларига электр энергияси харажатларини камайтириш имконини беради, деб хабар беради Euronews.
Ҳозирда истеъмолчилар ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 2,05 евроцент солиқ тўлайдилар. Ўзгариш кучга киргандан сўнг, бу кўрсаткич 0,1 евроцентгача камаяди. Солиқ имтиёзи нафақат якка тартибдаги истеъмолчиларга, балки кичик ва ўрта бизнесни ўз ичига олган корхоналарга ҳам қўлланилади.
Verivox нархларни таққослаш хизмати маълумотларига кўра, ўртача оила ойига тахминан 8 евро ва йилига 96 евро тежаши мумкин.
Бундай келишувга Германия ҳукмрон коалициясидаги партиялар ўртасида 8 соатлик музокаралардан сўнг эришилди. Канцлер Фридрих Мерц илгари солиқларни камайтиришга ваъда берган эди. Бироқ, молиялаштириш бўйича келишмовчиликлар туфайли ташаббусни амалга ошириш кейинга қолдирилди.
Энди солиқ имтиёзлари учун 5,4 миллиард евро ажратиш режалаштирилган. Бу маблағлар қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги субсидияларни қайта тақсимлаш орқали ажратилади. Ҳозирча маблағлар фақат 2027 йил учун тақдим этилган. Бундан ташқари, федерал бюджет Бундестагнинг тасдиқлашига муҳтож.
Ўзгаришлар автомобилчиларга ҳам таъсир қилади. Расмийлар дастлаб декабрь охирида тугаши керак бўлган ёқилғи нархининг чекловини яна уч ойга узайтиришга келишиб олдилар. Бундан ташқари, январ ойидан бошлаб ёқилғи учун янги вақтинчалик чегирма жорий этилиши режалаштирилган.
Бироқ, бу қарор жамиятда тортишувларга сабаб бўлди. Танқидчиларнинг таъкидлашича, барча истеъмолчилар учун солиқни камайтириш аҳолининг даромад даражасидаги фарқларни ҳисобга олмайди. Шунингдек, ёқилғи чегирмаларини сақлаб қолиш экологик тоза энергия манбаларига ўтиш суръатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.
Германияда электр энергиясидан фойдаланиш масаласи ҳали ҳам долзарб. Verivoxнинг маълумотларига кўра, Германия G20да электр энергияси бўйича энг қиммат мамлакат ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, тўртта давлат Европага тоза энергия етказиб бериш учун кучларини бирлаштириши ҳақида хабар берган эдик.