Германия ишчи кучи танқислиги туфайли ҳар йили миллиардлаб доллар йўқотади
BERLIN. Kazinform - Иқтисодчиларнинг фикрича, немис компаниялари тўлиқ қувват билан ишласа 49 миллиард евро кўпроқ фойда олиши мумкин. Келгуси йилларда малакали кадрлар етишмаслиги масаласи янада кескинлашади, дея хабар беради DW.

Германия иқтисодиёти малакали кадрлар етишмаслиги сабабли ҳар йили икки рақамли миллиард йўқотишларга дучор бўлмоқда. Германия Иқтисодиёт Институти (IW) 12 май, якшанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, немис корхоналари тўлиқ қувват билан ишласалар, 2024 йилда 49 миллиард евро кўпроқ даромад олишлари мумкин. Бундан ташқари, кейинги йилларда кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ мураккаб вазият янада кескинлашади.
2023 йил маълумотларига кўра, Германияда 570 мингта бўш иш ўринлари мавжуд. “Демак, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ишга тушмаган. Аслида кўпроқ ишлаб чиқариши мумкин эди, лекин ишчи кучи етарли эмас”, - дейди институт мутахассислари.
Келгуси йилларда ишчи кучи тақчиллиги билан боғлиқ вазият ёмонлашиши кутилаётганлиги сабабли, иқтисодчиларнинг прогнозларига кўра, ишчи кучи танқислиги нархи ҳам ошади. 2027 йилда йўқолган ишлаб чиқариш салоҳияти миқдори 74 миллиард еврогача ошади.
"Кадрлар тақчиллигини камайтириш учун бизга, биринчи навбатда, малакали муҳожирлар керак", - деб ҳисоблайди иқтисодчилар.
Улар, шунингдек, кекса ишчиларнинг ишлаш муддатини узайтириш керак, деб ҳисоблайди.
"Компаниялар жозибадор таклифлар билан тажрибали ходимларни сақлаб қолишга ҳаракат қилишлари керак", - деб маслаҳат беради Германия Иқтисодиёт институти.