Германия ЕИда рақобатчи СИ-контентлар учун муаллифларга компенсация тўлашни таклиф этмоқда
ASTANА. Кazinform — Германия ҳукумати сунъий интеллект (CИ) нинг тез ривожланиши муносабати билан Европа Иттифоқида муаллифлик ҳуқуқи қоидаларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Ишлаб чиқувчилар инсонлар ёзган матнлар, мусиқа ва тасвирлар билан рақобатлашадиган контент учун муаллифлик ҳуқуқи эгаларига пул тўлашлари шарт бўлиши мумкин, деб хабар беради DW.
Мақсад — муаллифлик ҳуқуқи эгаларига СИ-контентлар яратилишидан "адолатли улуш" олишларини таъминлаш. Йиғилган маблағларни муаллифлик ҳуқуқларини биргаликда бошқарадиган ташкилотлар орқали ҳуқуқ эгалари ўртасида тақсимлаш таклиф қилинмоқда.
Берлин СИдан фойдаланадиган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни таклиф қилмоқда
Федерал ҳукумат таъкидлаган муаммолардан бири — СИ -генераторлар Интернетда медиа материалларини топиб, уларни таҳлил қилади ва ўз жавобларида умумлаштиради. Натижада, медиа компаниялари ўз сайтларидаги ўқувчиларни ва улар билан бирга реклама ва обуналардан олинадиган даромадни йўқотмоқда. Шунинг учун, Берлин таклиф қилганидек, оммавий ахборот воситалари ҳам ўз материалларидан СИ тизимлари томонидан фойдаланганлик учун адолатли ҳақ олишлари керак.
Германия ва Европа Иттифоқининг яна 14 та давлати Европа Комиссиясини сунъий интеллект буми шароитида муаллифлик ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик таклифини иложи борича тезроқ киритишга чақирди. Муҳокама қилинаётган асосий масала — сунъий интеллект тизимларини ўқитиш учун муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган контентдан фойдаланиш шартлари.
Европа Комиссияси 2027 йилнинг иккинчи чорагида муаллифлик ҳуқуқи масалаларини қамраб олувчи қонунчилик ҳужжатлари пакетини тақдим этишни режалаштирмоқда, деб хабар беради dpa.
Эслатиб ўтамиз, сунъий интеллект ёрдамида яратилган Хитой сериали 4 миллиард марта кўрилди.