Германия армиясидаги аёлларнинг 75 фоизи жинсий босимга учраган
ASTANА. Кazinform – Германия Қуролли Кучларининг бўлажак раҳбари, Бундесвернинг янги бош инспектори Кристиан Фройдинг армияда жинсий босимга қарши курашни кучайтиришини маълум қилди, деб хабар беради DW.
Кристиан Фройдинг бу ҳақда Bild am Sonntag ҳафталик нашрига берган интервьюсида айтди.
Яқинда нашр этилган тадқиқотга кўра, Бундесверда хизмат қилаётган аёлларнинг 75 фоизи ва эркак ҳарбий хизматчиларнинг 35 фоизи камида бир марта жинсий тегажоқликка ёки босимга учраган.
Фройдинг тадқиқот натижаларини "чидаб бўлмас ҳолат" деб таърифлади ва бундай ҳаракатларнинг қатъий олдини олиш зарурлигини таъкидлади.
— Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, биз уларнинг шафқатсизларча олдини олишимиз керак. Менинг Бундесверим ундай эмас. Бутун қуролли кучларнинг обрўси шахсларнинг ноўрин ҳаракатлари билан доғланишига чидаб бўлмайди, — деди у.
Фройдингнинг сўзларига кўра, у ҳарбий соҳада ҳам шунга ўхшаш вазиятларга гувоҳ бўлган.
– Мен оғзаки ҳақорат ҳолатларига дуч келганман. Лекин мен бир ёки бир нечта одам аралашиб, "Тўхтанг, буни қила олмайсиз! Бизнинг муҳитимизда бунга йўл қўйилмайди!" деган ҳолатларни ҳам бир неча бор кўрганман, - деди у.
Генерал-лейтенант бундай хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлган ҳар бир ҳарбий хизматчи дарҳол аралашишга мажбур эканлигини айтди.
Ҳозирда Бундесвер қуруқлик кучлари инспектори бўлиб хизмат қилаётган Фройдинг қуролли кучлардаги бошқарув маданиятини ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди.
Унинг фикрича, бундай ҳодисалар армиянинг жанговар қобилиятига ҳам таъсир қилади.
— Биз ҳаммамиз, айниқса ҳарбий раҳбарлар, бошқарув маданиятини доимий равишда такомиллаштириш учун жавобгармиз, — деди Фройдинг.
У ҳарбий муҳитдаги муносабатлар ўзаро ҳурматга асосланган бўлиши кераклигини таъкидлади. Ахир, жанговар дўстлик ва ишонч армиянинг муваффақиятли фаолиятининг асосий шартларидан биридир.
— Биз, ҳарбий хизматчилар, биламизки, фақат жанговар дўстлик бўлган жойда муваффақиятга эришишимиз мумкин, — деди у.
Фройдинг шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш вақтини қисқартиришга ваъда берди.
— Биз бундай ишларни тезроқ кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Баъзан иш билан шуғулланувчилар унинг қонуний йўл билан якуний ҳал қилинишини чидаб бўлмас даражада узоқ кутишлари керак бўлади, — деди генерал-лейтенант.
Унинг сўзларига кўра, Бундесвер мавжуд интизомий чоралардан тўлиқ фойдаланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Германияда ҳарбий хизматдан бош тортганлар сони кескин ошди.