«Газпром» ва «QazaqGaz» Россия табиий газини Ўзбекистонга ташиш бўйича келишиб олди
Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев 14-17 июн кунлари бўлиб ўтаётган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПХИФ) Қозоғистон делегациясига раҳбарлик қилди.
Делегация таркибига «Самруқ-Қазна» жамғармаси бошқаруви раиси Нурлан Жақипов, Савдо ва интеграция, Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш, Миллий иқтисодиёт вазирликлари вакиллари кирди.
Форумда Якутия, Томск ва Новгород вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, Россия Федерациясининг асосий саноат компаниялари – «Росатом», «Газпром» ва «ИнтерРАО» билан учрашувлар бўлиб ўтди.
«Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер билан учрашувда «Газпром» ва «QazaqGaz» ўртасида Россия табиий газини Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича келишув имзоланди.
Газ таъминоти, қайта ишлаш ва ташиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама этилди.
Қозоғистон ва Россия энергетика вазирлари ПХЭФ давомида Россия нефт транзити бўйича ҳукуматлараро келишувларни узайтирди ва 2033 йил охиригача ҳажмини 10 миллион тоннагача етказишга келишиб олди.