"Газпром" Қозоғистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштиришга тайёр - Владимир Путин
“Табиат ва география Россия ва Қозоғистонга энергетика соҳасида муҳим рақобатчи бўлиш устунлигини беради, биз бундан фуқароларимиз манфаати учун максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг етакчи компанияларимиз “Газпром”, “Роснефть”, “Лукойл”, “Татнефть” қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда конларни ўзлаштирмоқда, энергия ресурсларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар қурмоқда. Улар ўзаро манфаатли ҳамкорликни оширишни режалаштирмоқда. Газ соҳасидаги ҳамкорлик кенг истиқболларни очади. Бу Россия ва Марказий Осиёда кўп йиллардан буён ташкил этилган газ ташиш ва газ тақсимлаш тизимлари инфратузилмаси ва йўналишлари, икки томонлама ва кўп томонлама асосда юқори даражадаги мувофиқлаштириш билан изоҳланади”, — деди Владимир Путин интервью давомида.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари билан биргаликда Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиш келишиб олинган эди.
“Ушбу йўналиш мавжуд газ ташиш линияларидан максимал даражада самарали фойдаланиш имконини беради, нафақат уч мамлакат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ривожига хизмат қилади. Келажакда туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳам маслаҳатлашувлар олиб боришимиз керак, деб ҳисоблаймиз. Улар анъанавий равишда ушбу бозорда қатнашадилар. Улар учун бундай ўзаро ҳаракатга қўшилиш умумий манфаатдир. Қозоғистонга келсак, Россия жорий йилнинг 18 январида «Газпром» ва Қозоғистон Ҳукумати ўртасида газ соҳасида имзоланган ҳамкорликнинг “Йўл харитаси”га мувофиқ унинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштиришда ёрдам беришга тайёр. Ҳозирда тегишли газ ташиш инфратузилмасини таъмирлашнинг турли вариантлари ишлаб чиқилмоқда”, — деди Россия Президенти.