Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувининг иккинчи босқичи бошланди – ХАМАС
ASTANA. Kazinform – Ташкилот вакилининг сўзларига кўра, сешанба куни халқаро воситачилар орқали кейинги босқич бўйича “мулоқот ва музокаралар” бошланди.

ХАМАСга кўра, Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш келишувининг иккинчи босқичи бўйича музокаралар бошланган.
Шунингдек, Исроил инсонпарварлик ёрдами бўйича келишувни амалга оширишдан қочаётгани ва кечиктираётгани таъкидланган.
Исроил яқин кунларда музокаралар учун Қатар пойтахти Доҳага бир гуруҳ жўнатишини эълон қилди. Ўт очишни тўхтатиш бўйича биринчи келишувга кўра, иккинчи босқич бўйича музокаралар ўт очишни тўхтатишнинг 16-кунида бошланиши керак эди.
Иккинчи босқич урушни тугатиш ва омон қолган гаровга олинганларни озод қилишга бағишланган.
Иккинчи босқичда музокаралар олиб бориш биринчисига қараганда қийинроқ бўлиши кутилмоқда. ХАМАС аввалроқ Исроил Ғазо секторидан барча қўшинларини олиб чиқмагунича, охирги гаровга олинганларни озод қилмаслигини, Исроил эса ХАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий имкониятлари йўқ қилинмагунча, бундай қадамга бормаслигини айтган эди.
Нетаньяху-Трамп учрашувидаги келишувнинг келажаги ва Ғазо тақдири
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бугун Оқ уйдаги учрашувда келишувнинг иккинчи босқичига ўтиш масаласини муҳокама қилади.
“Учрашувда томонлар Ғазо сектори ва Ливанда мавжуд ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларни сақлаб қолиш, шунингдек, Ғазода қолган барча 79 нафар гаровга олинганларни озод қилиш бўйича умумий мажбуриятни муҳокама қилади”, – деди Трамп маъмуриятининг юқори мартабали вакили брифингда.
Душанба куни Исроил бош вазири ХАМАС билан гаровга олиш келишувининг навбатдаги босқичини муҳокама қилиш учун Вашингтонга учиб, у ерда АҚШ махсус вакили Стивен Уиткоф ва миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Майкл Уолц билан учрашди.
The Times of Israel газетасининг исроиллик юқори мартабали мулозимга таяниб ёзишича, Нетаньяху Трампдан агар ХАМАС ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини бузса ёки иккинчи босқич шартлари бўйича виждонан музокара ўтказмаса, Қўшма Штатлар Исроилнинг урушни қайта бошлашини қўллаб-қувватлашини очиқ тасдиқлашни сўрайди.
Ўз навбатида Трамп маъмурияти Ғазо секторида ХАМАСни ҳокимиятдан четлатиш ниятида.
Сешанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Майкл Уолц ва Давлат котиби Марко Рубио ХАМАС Ғазо секторини назорат қила олмаслигини очиқ айтишди.
Туркия, Жазоир ва Қатарга депортация
ХАМАС воизи ҳам сешанба куни Исроил томонидан оташкесим доирасида озод этилган 15 фаластинлик маҳбус дастлаб Мисрга депортация қилинганидан кейин Туркияга етиб келганини айтди. ХАМАСга кўра, маҳбусларнинг бир қисми Жазоир ёки Қатарга ҳам бориши мумкин.
Келишув шартларига кўра, исроилликларни ўлдирганликда айбланган фаластинликлар қўйиб юборилса, Ғарбий Соҳил, Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусдан ташқарига доимий равишда депортация қилинади.
Оташкесимнинг биринчи босқичида ХАМАС келишувдан ташқари 13 нафар гаровга олинган ва беш нафар Таиланд фуқаросини озод қилди. Бунга жавобан Исроил 583 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди, улардан 79 нафари Мисрга юборилди.
30 январь куни Ғазо секторида гаровга олинган саккиз киши – уч Исроил фуқароси ва беш нафар Таиланд фуқароси озод этилди.