Гавайи оролларидаги ёнғинлар қурбонлари сони 93 кишига етди

Тарихий Лахайна шаҳрини вайрон қилган ёнғин АҚШнинг 100 йиллигидаги энг ҳалокатли табиий офатдир.
Гавайи губернатори Жош Грин шанба куни суд-тиббий экспертиза жасадларни аниқлашда давом этар экан, қурбонлар сони «сезиларли даражада» ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Юзлаб одамлар бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Гриннинг сўзларига кўра, ёнғин «Гавайи оролларида содир бўлган энг даҳшатли табиий офат бўлди. Энди бизнинг мақсадимиз – одамларни топшириш, уй-жой билан таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, шундан сўнг реабилитацияни бошлаймиз», – дея қўшимча қилди губернатор.
Ёнғин ҳозир назорат остида бўлса-да, уни тўлиқ ўчириш бўйича ҳаракатлар оролнинг айрим қисмларида, жумладан, ёниб кетган Лахайна атрофида давом этяпти.
Расмийлар орол қирғоқларидаги вайроналар остидаги жасадларни аниқлай оладиган махсус ўқитилган итлардан фойдаланиш орқали саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда.
Маҳаллий полиция бошлиғи Жон Пеллетьенинг айтишича, ҳозирча қидирув ҳудудининг атиги 3 фоизи қопланди. Унинг сўзларига кўра, барча қурбонларнинг шахсини аниқлаш учун шошилинч ДНК таҳлили зарур.
Ёнғин бошланганидан бери 2000 дан ортиқ бино вайрон бўлган. Уларнинг аксарияти Лахайнадаги уйлардир.
Вашингтондан Гавайигача бўлган ёрдамни мувофиқлаштирган Тинч океанидаги табиий офатларга ёрдам бериш маркази маълумотларига кўра, Мауини қайта қуриш қиймати 5,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.