Франциянинг йирик компаниялари Ўзбекистонда сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда
Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти «Meridiame” компанияси раиси Тьерри До билан учрашувда компаниянинг “Янги Тошкент” қурилиши доирасидаги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Компаниянинг активлари 18 миллиард еврони ташкил этади ва Европа, Шимолий Америка ва Африкадаги инфратузилмага сармоя киритади.
Шавкат Мирзиёев EDF раиси ва бош директори Люк Ремон билан учрашиб, компаниянинг Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида буғ-газ электр станциялари қурилишидаги иштирокини қўллаб-қувватлади ҳамда лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. EDF - 427 миллиард евро активлари билан дунёдаги энг йирик атом электр станциялари оператори ҳисобланади. Дунёнинг 30 та давлатида фаолият юритади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш билан шуғулланади.
Ўзбекистон Президенти “Lactalis” компанияси раиси Эммануэль Беньернинг Наманганда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича режаларини олқишлади. Компания сут ва пишлоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. 52 мамлакатда 270 та заводга эгалик қилади.
Boehringer Ingelheim компанияси раиси Кристиан Вижсен билан учрашувда томонлар онкологик дори воситаларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди. Компания био ва онкологик дори воситаларини шартномалар асосида ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича хизматлар кўрсатувчи 20 та етакчи жаҳон компанияларидан биридир.
Ўзбекистон раҳбари “Semmaris” компанияси раиси Стефан Лаяни билан компаниянинг Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятида агромажмуаларни қуриш бўйича режаларини муҳокама қилди. Компания йиллик айланмаси 9 миллиард евро бўлган дунёдаги энг йирик озиқ-овқат ва логистика марказига эга. Бутун дунё бўйлаб самарали улгуржи озиқ-овқат бозорларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича илғор тажрибага эга.
Ўзбекистон Президенти “Orano” компанияси раиси Клод Имовен билан учрашди. Учрашувда геология-қидирув ва уран қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Orano дунёдаги энг йирик уран ва ядро ёқилғиси ишлаб чиқарувчиси бўлиб, активлари 29 миллиард евро.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон 1 ноябрда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилган эди. Ташриф якунлари бўйича молия, таълим, маданият ва давлатлараро ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида саккизта икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков