Францияда «Киран» бўрони туфайли огоҳлантириш эълон қилинди

Синоптикларнинг маълумотларига кўра, «Киран» бўрони чоршанба куни кечқурун мамлакат шимоли-ғарбига етиб келган. Бретаннинг иккита департаментида ва Нормандиянинг бир департаментида бўрон туфайли об-ҳавонинг қизил даражаси эълон қилинди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Еuronewsга таяниб.

Францияда «Киран» бўрони туфайли огоҳлантириш эълон қилинди
Фото: euronews.соm

Мамлакат шимоли-ғарбида кучли ёмғир ва 170 км/соат тезликда шамол бўлиши башорат қилинмоқда – “Киран” бўрони минтақага Атлантика океанидан яқинлашмоқда. Уч департаментда об-ҳаво хавфининг юқори қизил даражаси, яна 17 тасида тўқ сариқ даражаси эълон қилинди. Хабар қилинишича, бу йилги биринчи кучли куз бўронидир.

Метеорологларнинг маълум қилишича, чоршанба куни кечқурун бошланган бўрон пайшанба кунига қадар давом этади. Франция ички ишлар вазири Жеральд Дарманен Бретань ва Нормандия аҳолисини уйда қолишга, дарахтлар ва денгиздан узоқроқ бўлишга чақирди. Бўрон пайтида тўлқин баландлиги 10 метрга етиши кутилмоқда.

Айрим қирғоқ йўллари ёпилади. Шунингдек, вилоят ва шаҳарлараро поездлар ҳаракати ҳам тўхтатилади. Маҳаллий вақт билан соат 17:00да «Брест Бретань» аэропорти ёпилади, оролларга паром қатнови тўхтатилиши мумкин.

Вилоятда 3200 нафар қутқарувчи ва тўртта вертолёт сафарбар қилинган.

Сўнгги хабарлар