Франция ҳукумати электромобилларни имтиёзли ижарага бериш дастурини ишга туширмоқда
Франция ҳукумати автотранспорт воситаларининг “яшил ўтишини” тезлаштириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб мамлакат аҳолиси учун ойига 100 евро нархда электромобилларни узоқ муддатли ижарага бериш дастурини жорий қилмоқда, деб хабар беради Каzinform мухбири.

Франция президенти Эммануэль Макрон Х тармоғидаги постида Франция “янада кўпроқ” автомобиль ва аккумулятор ишлаб чиқаришни режалаштираётганини айтди.
“Мана француз экологияси: январь ойидан (кейинги йил) электромобилларнинг биринчи моделлари ойига 100 евро нархда лизингга тақдим этилади”, — деб ёзган Э.Макрон.
Лизинг автотранспорт воситасидан ҳар ой ижара ҳақи тўлаш орқали уни сотиб олмасдан фойда олиш имконини беради.
Шартнома тугагандан сўнг, шахс транспорт воситасини қайтариши ёки уни қолдиқ қиймати бўйича сотиб олишга қарор қилиши керак. Электромобиллар учун ижара шартномасининг муддати камида уч йил бўлиши лозим.
Франция ҳукуматига кўра, ижара одатда 100 евро, лекин оилавий моделлар учун 150 еврогача кўтарилиши мумкин.
Шу билан бирга, Франция ҳукумати электромобилни лизингга олмоқчи бўлганлар учун бир қанча талабларни белгилаб берди: вояга етганлик, Францияда яшаш ҳуқуқи ва асосий уй хўжаликлари солиғи даромади 15 400 евродан кам бўлиши.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков