Форс кўрфазида автомобиллар ортилган юк кемаси чўкиб кетди

Бирлашган Араб Амирликлари байроғи остида сузган «Al Salmy6» юк кемаси пайшанба куни Эроннинг жанубий қирғоқлари яқинида чўкиб кетди. Бу ҳақда БАА расмийлари маълум қилди. Ҳодисага ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлган. Қутқарувчилар унинг 30 нафар экипаж аъзосини қидиришга киришган.
Кемага эгалик қилувчи Salem Al Makrani Cargo компаниясининг операцион менежери капитан Низар Каддуранинг айтишича, бўронли об-ҳаво туфайли кема сувга чўкиб кетган.
Эрондан жўнатилган қутқарувчилар экипажнинг 16 аъзосини муваффақиятли қутқариб қолишди.
Кейинроқ Эроннинг Бушер вилояти инқироз департаменти раҳбари 30 нафар экипаж аъзосидан 29 нафари қутқариб олингани, сўнггисини қидириш ишлари давом этаётганини айтди.
Экипаж Судан, Ҳиндистон, Покистон, Уганда, Танзания ва Эфиопия фуқароларидан иборат эди. Кема автомобиллар ва бошқа юкларни олиб кетаётган эди. У бир неча кун олдин Дубайдан чиқиб, Ироқнинг Умм Қаср портига йўл олган эди.
Эрон давлат метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, чоршанба куни Форс кўрфазида ёмон об-ҳаво кузатилган. Бу 70 км/соатдан ошиқ тезликда кучли шамол эсиб, Эроннинг Бушер вилоятида кучли тўлқинларга сабаб бўлди. Эрон об-ҳаво агентлиги шу ҳафта «қизил огоҳлантириш» эълон қилди ва шанба куни кўрфаздаги ҳаракатни бузиши ва денгиз иншоотларига зарар етказиши мумкин бўлган кучли шамол ҳақида огоҳлантирди.
Муаллиф: Арсен Утешев