Forbes журнали Ўзбекистонни энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритди

Нашр Ўзбекистонни 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритди.
Forbes молиявий-иқтисодий журнали Ўзбекистонни 2024 йилда ташриф буюриш учун энг яхши жойлардан бири сифатида кўрсатиб, ўз ўқувчиларига республикага саёҳат қилишни тавсия қилади.
Мақолада дунёнинг етакчи сайёҳлик нашри Lonely Planet вице-президенти Том Холлнинг сўзларидан иқтибос келтирилади: “Ўзбекистонда Ипак йўлининг энг яхши сақланиб қолган тарихий обидаларини, шунингдек, гўзал тоғлар ва истиқболли пойтахт – Тошкентни кўришингиз мумкин”. Шунингдек, мақолада Ўзбекистон ҳудудларига ташриф буюриш учун қулай ва арзон поездлар қатнови йўлга қўйилгани ҳақида сўз боради.
“АҚШдан Ўзбекистонга сайёҳлар учун Нью-Йорк шаҳридан ҳафтасига бир неча тўғридан-тўғри рейслар очилди. Шунингдек, Сеул ва Истанбул орқали ўтиш сайёҳлар учун қулайлик яратади”, - деб ёзади нашр.
Эслатиб ўтамиз, Forbes Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та жой рўйхатига киритган.