Фигурали учиш бўйича катталар мусобақасида қатнашиш ёши 17 ёшгача оширилади

Ёш чегараси аста-секин ўсиб боради. Хусусан, 2023/24 йилги мавсумда спортчиларнинг ёши ҳозирги 15 ёшдан 16 ёшгача оширилади, 2024/25 йилги мавсумда эса катталар ўртасидаги мусобақага фақат 17 ёшдан рухсат берилади.
Демак, 2026 йилда Италияда бўлиб ўтадиган навбатдаги Олимпиада йўлланмаси 17 ёшли фигурали учувчиларга берилади.
ISU маълумотларига кўра, бу қарор ёш спортчиларни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги устувор бўлиши керак.
Айтиш жоизки, спортчиларнинг ёшини ошириш масаласи кўп йиллардан буён кўтарилиб келинмоқда. Конгрессда овоз беришга бу йилги Пекин Олимпиадасида россиялик 15 ёшли спортчи Камила Валиева билан боғлиқ допинг можароси сабаб бўлган.
Конгресс Таиландда бўлиб ўтди. 100 делегатдан 16 нафари қарши овоз берди.