Фавқулодда вазиятларда сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш керак – ҚР Бош вазири
ASTANА. Кazinform — Вилоят марказларида уяли алоқа хизмати ёмон бўлган ҳудудларни аниқлаш зарур. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов маълум қилди.

“Рақамлаштириш соҳасидаги кўрсаткичларимиз умуман ёмон эмас. Хусусан, давлат ва банк электрон хизматлари кўрсатиш соҳасини ҳам алоҳида таъкидлаш мумкин. Биз Қозоғистонни глобал рақамли дунёнинг фаол иштирокчисига айлантириш бўйича чора-тадбирларни кўришда давом этамиз. Шу мақсадда Каспий денгизи туби бўйлаб ва мамлакатимизнинг ғарбий қисмидан шарқий қисмига оптик толали йўналишни ўтказиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу йирик Big Tech компанияларини жалб қилиш ва таклиф қилинадиган контент даражасини ошириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бутун мамлакатимизга мультипликатив таъсир кўрсатади”, — деди Олжас Бектенов.
Ҳукумат раҳбари, шунингдек, 5G алоқани йўлга қўйиш муваффақиятли амалга оширилгани, ҳозирда ундан мамлакатимизнинг 20 та шаҳрида 3 миллионга яқин аҳоли фойдаланаётганини маълум қилди.
“Бундай лойиҳалар таклиф этилаётган алоқа хизматлари сифатини ошириш имконини беради. Шу боис бу иш тегишли вазирликнинг алоҳида назоратида бўлиши керак. Шу билан бирга, мен қуйидагиларни таъкидламоқчиман. Биринчидан, Рақамли ривожланиш вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда дастлабки босқичда вилоят марказларида “оқ доғлар”ни аниқлаш бўйича таҳлил ўтказиб, мобил алоқа хизматлари сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин. Кейин барча аҳоли пунктларида бу ишларни амалга ошириш керак бўлади. Бу ишда фуқароларнинг мурожаатлари инобатга олиниши шарт. Бунинг ёрдамида ҳудудлардаги “оқ доғлар”ни аниқлаш мумкин”, - деди Бош вазир.
Иккинчидан, Олжас Бектенов алоқа операторлари лицензиялаш мажбуриятларини бажариш масаласини тизимлаштириши кераклигини таъкидлади.
“Рақамли ривожланиш вазирлиги алоқа операторлари билан ҳамкорликда икки ой муддатда юкланган мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда янги 4G база станцияларини ўрнатиш ва эски стационар интернет ускуналарини алмаштириш режасини тасдиқласин. Учинчидан, сув тошқинлари пайтида бир қатор ҳудудларда электр таъминоти ва таянч станцияларнинг узилиши билан боғлиқ муаммолар туфайли алоқа узилиб қолди. Рақамли ривожланиш вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда фавқулодда вазиятларда сунъий йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш имконияти масаласини кўриб чиқиши керак”, — деди Ҳукумат раҳбари.