Фарғонада қозоғистонлик ишбилармонлар йирик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари марказини барпо этишади
Мазкур ташрифдан мақсад икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишув доирасида Ўзбекистон Республикаси, Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази ташкил этиш ҳамда бу орқали вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тўғридан тўғри Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқларига етказиб берилишини йўлга қўйишни такомиллаштиришдан иборат.
Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов бошчилигидаги делегация аъзолари ва Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоевлар ўзаро мулоқот ўтказдилар.
Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида ҳамкорликда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини янги усулда етиштириш, сақлаш, музлатиш, қуритиш ва қадоқлаш бўйича комплексларни барпо этиш, қолаверса, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш, ягона товар ўтказиш тизимини ташкил этишни тезлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Ҳамкорликда барпо этиш режалаштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази учун Фарғона вилояти томонидан тақдим этилган ер майдонлари борасида фикр алмашилди.
– Биз бу ерга давлат органлари вакилларини ҳам ўз ичига олган катта делегация билан келдик. Делегация таркибида ишбилармонлар, йирик савдо тармоқлари раҳбарлари ҳам ўрин олган. Тадбиркорларимизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликлари аввалдан мавжуд, бироқ бу ташриф давомида бу ҳамкорлик механизмини такомиллаштиришни режа қилганмиз. Ўзбекистонда 3 та йирик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази ташкил этиш ёки мавжуд логистика марказлари билан шериклик асосида иш ташкил қилиш ниятидамиз. Бунинг учун 30 миллион доллар атрофида инвестиция киритишга тайёрмиз. Бу логистика марказларини тез суръатларда ишга тушириб, 2022 йилда етиштирадиган ҳосилни тўғридан тўғри Қозоғистон бозорига юборилишини режалаштирмоқдамиз, - деди Бахит Султанов.
Учрашув сўнггида «Олтиариқ агро 505» масъулияти чекланган жамияти ҳамда Қозоғистоннинг энг йирик мева-сабзавот таъминотчиси «MCC Trade Company» компанияси ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳамда Қозоғистонга экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.