Европадаги нефть инқирози: Макрон Европа Комиссияси раҳбарига мурожаат йўллади

ASTANА. Кazinform – Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйенга мактуб йўллаб, уни Европага дизель ёқилғиси ва авиация керосини етказиб беришни кўпайтириш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Макрон
Фото: Анадолу

Макрон ўз мактубида Ҳормуз бўғозининг узоқ вақт ёпилиши ва Яқин Шарқдаги энергетика инфратузилмасига ҳужумларнинг қайта кучайиши жаҳон нефть бозоридаги вазиятни янада қийинлаштираётганини таъкидлади.

Франция Президентининг сўзларига кўра, нефть бозори ҳозирча нефтни қайта ишлашни кўпайтириш, Осиёда талабнинг пасайиши ва тўпланган захиралардан фойдаланиш билан қопланди. Бироқ, бу имкониятлар аста-секин тугаб бормоқда. Франция ҳукуматининг маълумотларига кўра, 22 сентябрь куни эрталаб мамлакатдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг тахминан 14 фоизида ёқилғи танқислиги ёки деярли танқислик кузатилган.

Макроннинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Ҳормуз бўғози деярли ёпиқ бўлиб қолса ва Саудия Арабистони “Шарқ-Ғарб” қувур линиясини қайта тикламаса, дунё бўйлаб нефть етказиб бериш кунига камида 4 миллион баррелга қисқариши мумкин. Бу нефть нархларининг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Унинг мактубида жаҳон нефть захиралари 500 миллион баррелдан ортиққа камайгани айтилган.

Франция президенти Европа Яқин Шарқдан импорт қилинган авиация ёқилғисига 36% ва дизель ёқилғисига 18% боғлиқлигини таъкидлади.

Инқрироздан иқиш йўли

Макроннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи қисқа муддатда йўқолган хом нефтни тўлиқ қоплай олмайди, аммо мавжуд хомашё ва нефтни қайта ишлаш қувватларидан самаралироқ фойдаланиш орқали нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириши мумкин.

У Европа Комиссиясини ёқилғи сифатига қўйиладиган баъзи талабларни вақтинча юмшатишга чақирди. Бу нефтни қайта ишлаш заводларига кўпроқ авиация ёқилғиси ва дизель ишлаб чиқариш имконини беради.

Макроннинг сўзларига кўра, ёқилғи зичлиги, ўзгарувчанлик ва олтингугурт миқдори каби параметрларнинг ўзгариши алоҳида заводларда ишлаб чиқаришни тахминан 5-20% га ошириши мумкин.

Франция шунингдек, 10% гача биоёқилғи ўз ичига олган В10 дизелидан Европа Иттифоқида кенг фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилди. Бунинг учун автомобиль ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда қайси двигателлар бундай ёқилғида хавфсиз ишлаши мумкинлигини аниқлаш таклиф қилинмоқда.

Макроннинг сўзларига кўра, бу чоралар геосиёсий вазият барқарорлашишини кутмасдан, Европага ёқилғи етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон нефть нархлари қарийб 2 фоизга пасайди.