Европада газ нархи рекорд даражага кўтарилди
Европада Россиядан табиий газ етказиб беришнинг тўлиқ тўхтатилиши ҳақидаги қўрқувлар газ нархининг янги кескин сакрашига олиб келди. 26 август, жума куни сентябрда газ етказиб бериш бўйича Европа фьючерслари нархи дарҳол тўққиз фоиз пунктга ошиб, бир мегаватт-соат учун рекорд даражадаги 340 еврога етди.
Аввалроқ «Газпром» таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли 31 августдан бошлаб «Северный поток» қувури орқали табиий газ етказиб беришни уч кунга тўхтатганини маълум қилганди. Бу эса Россия газининг Европага етказиб берилишини тўлиқ тўхтатиш эҳтимоли ҳақидаги қўрқувни кучайтирди.
Шу билан бирга, Германия Иқтисодий Тадқиқотлар Институти (DIW) раҳбари Марсел Фрацшер (Marcel Fratzscher) табиий газ учун юқори нархларни узоқ муддатли сақлашга тайёрланишга чақирди. «Энергия нархлари ҳеч қачон урушдан олдинги даражага қайтмайди», - деди у SWR радиостанциясига берган интервьюсида.
Фрацшернинг сўзларига кўра, энергия нархи беш йилдан етти йилгача юқори даражада қолади, шунинг учун одамлар пастроқ турмуш даражасига мослашишлари керак.
Фото: legalhub.online