Европа Иттифоқининг етти йиллик бюджетини яна 44 миллиард еврога қисқартириш таклиф этилди
ASTANA. Kazinform – Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта Европа Иттифоқининг 2028-2034 йилларга мўлжалланган кўп йиллик бюджетини яна 44 миллиард еврога қисқартиришни таклиф қилди.
Ушбу таклиф Ирландия томонидан октябрь ойида тақдим этилган бюджет лойиҳасига нисбатан қўшимча қисқартиришни назарда тутади.
Янги режага мувофиқ, Европа Иттифоқи бюджетининг умумий ҳажми Европа комиссияси 2025 йил июль ойида таклиф қилган дастлабки лойиҳага нисбатан 204 миллиард еврога ёки 10,2 фоизга камаяди. 2025 йилнинг доимий нархларида ҳисоблаганда, бюджетнинг умумий ҳажми тахминан 1,582 триллион еврони ташкил этади.
Ҳозирги музокаралар давомида илк бор минтақавий ривожланиш ва иқтисодий тенгсизликни камайтиришга қаратилган сиёсат харажатларини тахминан 8 миллиард еврога қисқартириш таклиф этилди. Бироқ Ягона қишлоқ хўжалиги сиёсати доирасида фермерларга ажратиладиган тўғридан-тўғри субсидиялар амалда ўзгаришсиз қолади.
Шунингдек, рақобатбардошликни ошириш дастурига ажратиладиган маблағни 20 миллиард еврога, ташқи ёрдамни эса 7 миллиард еврога қисқартириш режалаштирилмоқда.
NextGenerationEU дастури доирасида олинган Европа Иттифоқининг умумий қарзининг бир қисмини қайтариш муддатини кечиктириш орқали яна 10 миллиард евро тежаш кўзда тутилган.
Бюджет қисқартирилишининг ўрнини қоплаш ва аъзо давлатлар бадалларининг ошишини чеклаш мақсадида Антониу Кошта йирик технологик компаниялар айланма маблағидан 3 фоиз миқдорида янги рақамли йиғим жорий этишни таклиф қилди.
Ушбу йиғим жаҳон бўйича айланма маблағи 750 миллион евродан, Европа Иттифоқи ҳудудидаги рақамли хизматлардан оладиган даромади эса 50 миллион евродан юқори бўлган компанияларга нисбатан қўлланилади.
Янги йиғим онлайн реклама, рақамли воситачилик хизматлари ва фойдаланувчилар маълумотларидан тижорат мақсадларида фойдаланишдан олинадиган даромадларни қамраб олади. Тахминларга кўра, ушбу чора ҳар йили тахминан 5 миллиард евро даромад келтириши мумкин.
«Бу таклиф жамиятимиз дуч келаётган муаммоларга жавоб беради ва Европа Иттифоқига зарур чораларни кўриш имкониятини яратади”, – деди Антониу Кошта ҳужжатни тақдим этиш жараёнида.
Янги бюджет лойиҳаси 26-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Европа Кенгашининг навбатдан ташқари саммитида муҳокама қилинади. Асосий мақсад – йил охирига қадар сиёсий келишувга эришиш.
Таклиф бюджетни янада кескин қисқартиришни талаб қилаётган Германия, Нидерландия, Австрия ва Шимолий Европа давлатлари билан минтақавий ривожланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги харажатларини сақлаб қолиш тарафдори бўлган Шарқий ва Жанубий Европанинг қарийб 17 та давлати ўртасидаги қарашларни яқинлаштиришга қаратилган.
Германия канцлери Фридрих Мерц таклиф этилаётган қисқартиришларни «дастлабки қадам» деб атади ва бюджетнинг умумий ҳажми ҳали ҳам жуда юқори эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия канцлери Фридрих Мерц Европа комиссияси томонидан таклиф этилган 2028-2034 йилларга мўлжалланган бюджетни юзлаб миллиард еврога қисқартиришга чақирган эди. Германия, Нидерландия, Австрия ва Шимолий Европанинг бир қатор мамлакатлари Европа Иттифоқи харажатларини камайтиришни қўллаб-қувватламоқда.