Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари энг йирик мафия синдикатига қарши операция ўтказмоқда

Хусусан, Германиянинг бир қанча штатлари полицияси Италия, Бельгия, Франция, Испания, Руминия, Бразилия ва Панамадан келган ҳамкасблари билан ҳамкорликда чоршанба куни Италиянинг «Ндрангета» мафиясига қарши рейдлар ўтказди.
Европа матбуотига кўра, «Ндрангета» ҳозирда Европадаги кокаин бозорининг катта қисмини назорат қилувчи энг йирик итальян мафия синдикати ҳисобланади.
«Эврика» деб номланган жорий операция ушбу мафия кланининг фаолиятига оид деярли тўрт йиллик ўта махфий терговдан сўнг амалга оширилмоқда.
Халқаро операция «Ндрангета»га қарши амалга оширилган энг йирик амалиётлардан биридир. Текширувларда Европа Иттифоқи агентликлари «Еуропол» ва «Евроюст» ҳам иштирок этмоқда.
Немис полицияси кокаин контрабандаси, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланган гумонланувчиларни ҳибсга олиш учун 100 дан ортиқ ордер берди, деб ёзади маҳаллий ОАВ.
Аввалроқ мафия Жанубий Америкадан Европага катта миқдордаги кокаинни Антверпен (Бельгия), Роттердам (Нидерландия) ва Джоя-Тауро (Италия) портларига келган контейнер кемаларида олиб ўтган. Кейин кокаин Австралияга ҳам жўнатилди.
Германияда рейдлар Шимолий Рейн-Вестфалия, Бавария, Тюрингия, Рейн-Пфальц ва Саарланддаги терговга жалб қилинганларга қаратилган. Операцияда Германия бўйлаб 1000 дан ортиқ полициячи иштирок этмоқда.
Ресторанлар, пицериялар, кафелар ва музқаймоқ савдо нуқталари тармоғининг ходимлари ноқонуний мафия операцияларига, хусусан, «тарқатиш пунктларига» жалб қилиниши мумкин.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков