Европа Иттифоқи TikTok устидан тергов бошлади
BRUSSELS. Kazinform – Европа Комиссияси рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни бузганлик бўйича TikTok`га нисбатан иш қўзғатди. Регулятор, хусусан, платформа вояга етмаганларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш учун етарлича ҳаракат қилаётгани ёки йўқлигини текширади, деб хабар беради Каzinform агентлиги Reutersга таяниб.

«Бугун биз ошкоралик ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш мажбуриятларини бузганликда гумон қилиб, TikTok`га нисбатан тергов жараёнларини бошлаймиз», — деди еврокомиссар Тьерри Бретон ўз баёнотида.
Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (Digital Service Act, DSA) ЕИда 17 февралда кучга кирди, ҳужжат барча онлайн платформалар учун амал қилади. TikTok`га эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компанияси ижтимоий тармоқ DSA қоидаларини бузганликда айбдор деб топилса, глобал даромадининг 6 фоизигача жаримага тортилиши мумкин.
Текширув TikTok тизимининг дизайнини, жумладан, хулқ-атвор қарамлигини келтириб чиқариши ва «қуён ўраси» эффектини яратиши мумкин бўлган алгоритмларни ўрганади.
Еврокомиссия, шунингдек, TikTok вояга етмаганларни махфийлик, хавфсизлик ва ҳимояланишнинг юқори даражаси билан таъминлаш учун тегишли ва мутаносиб чоралар кўрган ё кўрмаганини кўриб чиқади. Бундан ташқари, тергов тадқиқотчилар потенциал онлайн хавфларни ўрганиши учун TikTok ўз платформасида реклама бўйича ишончли маълумотлар базасини тақдим этиши ёки йўқлигини кўриб чиқади.
Бу Еврокомиссияси томонидан DSA доирасида рақамли платформаларга қарши бошланган иккинчи тергов ҳисобланади. Ўтган йилнинг декабрь ойида регулятор Х ижтимоий тармоғини (собиқ Twitter) ноқонуний контентни олиб ташлаш, шаффофлик ва дезинформацияга қарши кураш бўйича Европа стандартларини бузганликда айблаб, текширув бошлаган эди.