Европа Иттифоқи Россиядан энергетика импортини тақиқлаш ниятида эмас - Жозеп Боррель

«Биз Россиянинг энергия таъминотига тақиқ қўймаймиз ва бу масалада [АҚШ президенти Жо] Байденга эргашмаймиз», - деди у.
Шу билан бирга, Европа дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, айни дамда ЕИ «газга муқобил излаш» билан банд, чунки унинг сўзларига кўра, Россия «ишончли ҳамкор бўлишни тўхтатган».
Украина атрофидаги вазиятни шарҳлар экан, Боррелль Украинанинг амалдаги расмийлари «Россияга ҳарбий таҳдид солмаслигини» таъкидлади.
Euronews.cоm хабарига кўра, Европа Комиссияси ижрочи вице-президенти Франс Тиммерманс Европарламент Россиядан энергияга қарамликни камайтириш йўлларини муҳокама қилаётган Страсбургда сўзлаган. Еврокомиссия ижрочи вице-президентининг айтишича, йил охиригача ЕИ Россиядан энергия сотиб олишни учдан иккига қисқартиради, бироқ тўғридан-тўғри эмбарго қўлламайди. Қисқа муддатда Брюссель табиий газини Қатар ва АҚШ каби давлатлардан олинадиган суюлтирилган газга алмаштириш орқали Москвага қарамликни камайтиришга умид қилмоқда. Брюссель, шунингдек, октябр ойи бошига қадар ўз омборларини 90 фоизга тўлдиришни, қайта тикланадиган энергияга ўтишни тезлаштиришни ва бошқа вариантларни, жумладан тинч атомдан фойдаланишни кўриб чиқмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, сешанба куни Жо Байден Россия Федерациясидан энергия импортини ва Россия энергетика секторига янги сармояларни киритишни тақиқловчи фармонни имзолади. Шу билан бирга, Америка раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ ўзининг европалик иттифоқчилари Россиядан энергия импортига қўйилган тақиқга қўшила олмаслигини тушунади.