Европа Иттифоқи етакчилари Хитойга ташриф буюришади
Европа Кенгаши вакилининг маълум қилишича, 7-8 декабрда Хитой пойтахтида Европа Иттифоқи-Хитой саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен тадбирда иштирок этиш учун Хитойга боради, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Учрашувда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Пайшанба куни Пекинда Ш.Мишель ва У.Ляйеннинг Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашуви бўлиб ўтади. Куннинг иккинчи ярмида - Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан ҳам учрашади.
Томонлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича қўшма ёндашувларни, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни, шунингдек, дунёдаги долзарб хавфсизлик масалаларини, жумладан, Украина ва Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилишни режалаштирган, дея қайд этди Европа кенгаши вакили.