Европа Иттифоқи давлатлари БМТ қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқмайди - Австрия Ташқи ишлар вазирлиги

BRUSSELS. Kazinform - Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларига (UNIFIL) ҳисса қўшаётган Европа Иттифоқи давлатлари Исроилнинг чақириқларига қарамай, мамлакат жанубидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас. Бу ҳақда Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

ҳарбий машина
Фото: UNIFIL / Pasqual Gorriz/UN

Якшанба куни Бош вазир Биньямин Нетаньяху БМТни Ливандаги БМТ муваққат кучларини (UNIFIL) “Ҳизбуллоҳ” истеҳкомлари ва жанговар зоналаридан олиб чиқишга чақирди”.

Бироқ Австрия ташқи ишлар вазири Шалленберг Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг душанба кунги муҳокамасини якунлар экан, Европа давлатлари қўшинларини олиб чиқиш ёки қайтариш ниятида эмаслигини айтди.

- Орқага чекиниш ёки шунга ўхшаш нарсалар ҳақида баҳс бўлмади. Улар ўша ерда қоладилар, бироқ бизнинг қўшинларимиз хавфсизлиги ва мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга ва уни ҳамма таъминлаши керак, — деди вазир Брюсселда Reuters агентлигига берган интервьюсида.

Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияси 1 октябрда бошланганидан бери UNIFIL позициялари ўққа тутилди ва Исроилнинг иккита танки базалардан бирига кирди, деди БМТ. Беш тинчликпарвар яраланган.

Ўн олтита Европа Иттифоқи мамлакатлари, жумладан Австрия, UNIFILга ўз ҳиссаларини қўшмоқда ва сўнгги воқеалар Европа ҳукуматлари орасида кенг тарқалган хавотирга сабаб бўлди. Миссиянинг умумий сони 10 мингга яқин бўлиб, шундан 3,6 мингга яқин аскар Европа давлатлари томонидан юборилган. Австрия UNIFILга 160 га яқин аскар юборди.

Европа расмийларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар бугунги кундаги вазият ва миссиянинг қўшинлар сони, жиҳозлари ва тортишув қоидалари бўйича узоқ муддатли ролини муҳокама қилиш учун видеоконференция ўтказишни режалаштирмоқда.

Исроил ўз армияси UNIFILга атайлаб ҳужум қилмаётганини айтиб, “Ҳизбуллоҳ”ни тинчликпарвар кучлар позициясидан “инсон қалқони” сифатида фойдаланганликда айблаб, Исроил бунга жавоб беришга ҳаққи борлигини таъкидламоқда.

Шалленбергнинг айтишича, Исроил "Ҳизбуллоҳ"дан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, бироқ тинчликпарвар кучлар позицияларига қасддан ҳужум қилиш халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади.

Аввалроқ Исроил АҚШ позициясига қарамай, Байрут чеккасига зарба берган эди.

Эслатиб ўтамиз, 11 октябрь куни Ливан жанубида UNIFIL тинчликпарвар кучларининг Накурдаги базасидаги кузатув пости ЦАХАЛ томонидан ҳужумга учраган эди. БМТ манбасига кўра, икки киши яраланган. Бирининг аҳволи оғир. Аввалроқ, UNIFIL Исроил тинчликпарвар кучларини жанговар ҳудудларни тарк этишни талаб қилишига қарамай, “кўк чизиқ” бўйлаб ўз позицияларида қолишга қарор қилган эди.

Бир қатор давлатлар ва Европа Иттифоқи Исроилни БМТ муваққат кучларининг Ливандаги позицияларига ҳужум қилгани учун қоралади.

Муаллиф: Арсен Ўтешев

Сўнгги хабарлар
telegram