ЕТТБ Марказий Осиёда ёшлар бизнесини ривожлантириш учун 200 миллион евро ажратади

ЕТТБ Марказий Осиёда ёшлар бизнесини ривожлантириш учун 200 миллион евро ажратади
Фото: trend.az

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё ва Мўғулистонда “Бизнесда ёшлар” дастурини йўлга қўйди, дея хабар беради Каzinform агентлиги Тrendга таяниб.

Дастур аҳолининг учдан бир қисмини 35 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этадиган ҳудудда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган.

Дастур етти йил давомида ёш тадбиркорлар бошчилигидаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилади. ЕТТБ 200 миллион евро миқдорида кредитлаш учун ажратади ва минтақадаги 20 тагача ҳамкор молия институтларини жалб қилади.

Шунингдек, дастур иштирокчилари тренинглар, маслаҳатлар ва тематик тадбирларда иштирок этишади. ЕТТБ сармояси инклюзив кредитлаш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 30 миллион еврогача бўлган грантлар ва имтиёзли қўшма молиялаштириш пакети билан тўлдирилади.

Дастур Қозоғистон Ҳукумати, Кичик бизнес жамғармаси ва Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланади. Ушбу ташаббус Марказий Осиёда бандлик ва ялпи ички маҳсулотда муҳим рол ўйнайдиган кичик ва ўрта бизнес секторини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Сўнгги хабарлар