Етим болаларга — 20%, имтиёзли тоифаларга — 50%: Қозоғистонда уй-жой тақсимоти қандай ўзгаради

ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда уй-жой шароитини яхшилашга қаратилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Астана, дома, жилье
Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

Тегишли ўзгартиришлар ҚР Саноат ва қурилиш вазирининг 2026 йил 14 августдаги буйруғи билан киритилди. Ҳужжат 31 августдан кучга киради, айрим нормалар эса 14 сентябрдан амал қила бошлайди.

Янги ўзгаришларга кўра, коммунал уй-жой фондидаги ёки маҳаллий ижро органи томонидан хусусий уй-жой фондида ижарага олинган уй-жойларнинг камида 20 фоизи етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга берилади.

Яна камида 50 фоиз уй-жой аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифалари учун ажратилади. Улар қаторига фахрийлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган оилалар, бева аёллар ва бева эркаклар, кўп болали оилалар, шунингдек, оила таркибида ногиронлиги бўлган шахс ёки ногиронлиги бўлган бола мавжуд фуқаролар ва ватандошлар киради.

Қолган уй-жойлар тегишли электрон базаларда уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган Қозоғистон фуқаролари ва ватандошларга берилади.

Шунингдек, талабгорларнинг даромад даражасига қўйиладиган талаблар ҳам белгиланди. Уч ва ундан ортиқ аъзоси бўлган оилаларда сўнгги олти ойда ҳар бир оила аъзисига тўғри келадиган умумий даромад яшаш минимумининг икки бараваридан ошмаслиги керак. Икки кишилик оилалар учун бу кўрсаткич яшаш минимумининг 3,5 бараваридан, оила аъзолари бўлмаган фуқаролар учун эса 5,5 бараваридан ошмаслиги лозим.

14 сентябрдан бошлаб қандай ўзгаришлар амалга оширила бошлайди

14 сентябрдан бошлаб уй-жой хоналарини тақсимлаш бўйича янги нормалар қўлланилади.  Эр-хотинга битта хона берилади. Бир жинсга мансуб оила аъзоларига бир хонага кўпи билан икки киши ҳисобидан уй-жой ажратилади. Турли жинсдаги оила аъзоларига эса эр-хотин бундан мустасно, алоҳида хоналар берилади.

Тасдиқланган рўйхатга киритилган айрим оғир шаклдаги сурункали касалликларга чалинган фуқаролар, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган оилалар учун қўшимча алоҳида хона ажратилади. Ушбу майдон ортиқча уй-жой майдони ҳисобланмайди.

Қишлоқ аҳоли яшаш пунктларида уй-жой бериш тартиби ҳам алоҳида белгиланди. Уй-жой тегишли электрон базаларда уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган фуқаролар ва қандасларнинг аризалари асосида «Отбасы банк» интернет-ресурси орқали тақсимланади.

Имтиёзли ипотекага ҳам ўзгартиришлар киритилди

Уй-жой қурилиш жамғармалари тизими орқали имтиёзли ипотека уй-жой кредитлари асосида тақдим этиладиган уй-жойларнинг камида 20 фоизи етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ажратилади.

Бундай уй-жойларнинг яна камида 50 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар, жумладан, фахрийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалари бор оилалар, бева аёллар ва бева эркаклар, шунингдек, кўп болали оилалар учун мўлжалланади.

Уй-жойни тақсимлаш ва уни тақдим этиш бўйича қарорлар «Отбасы банк» ахборот тизими томонидан автоматик равишда амалга оширилади.

Шу билан бирга, уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган, оиласининг сўнгги олти ойда меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан олган умумий даромади ҳар бир оила аъзосига бешта яшаш минимумини ташкил этмайдиган фуқаролар ва ватандошлар йиллик 2 фоизлик ставкада имтиёзли ипотека кредитларини олиши мумкин. Ушбу рўйхатга фахрийлар, етим болалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалари бор оилалар, бева аёллар ва бева эркаклар, шунингдек, кўп болали оилалар киради.

5 фоизлик ставкадаги кредитлар уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган фуқаролар ва ватандошларга оиласининг сўнгги олти ойда меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан олган умумий даромади ҳисобга олинган ҳолда берилади.

7 фоизлик ставкадаги кредитларда эса қонунчиликда белгиланган, уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган фуқаролар тоифалари иштирок этиши мумкин.

Даромадни ҳисоблашда фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларининг Қозоғистонда меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан олган даромадлари ҳисобга олинади.

Буйруқ 2026 йил 31 августдан кучга киради. Айрим қоидалар эса 14 сентябрдан амал қила бошлайди.