Эронда генерал қабри яқинида юз берган портлашда 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Эрондаги портлаш
Фото: BBC

Эрон жанубидаги Керман шаҳрида қабр яқинида содир бўлган икки портлаш оқибатида камида 103 киши ҳалок бўлди, 170 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Бу ҳақда Эрон оммавий ахборот воситалари маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги BBCга таяниб.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний вафотининг 4 йиллигига бағишланган маросимга портлаш қурбонлари ва жабрланганлар келган. Эрон расмийлари бу ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳолади.

Эрон давлат матбуотига кўра, махсус маросим чоғида иккита портлаш содир бўлган.

Эроннинг “Хабар” телеканалига берган интервьюсида мамлакат Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий бу воқеани атайлаб уюштирилган ҳаракат деб баҳолади.

Унга кўра, биринчи портлаш маҳаллий вақт билан соат 3:00да содир бўлган. Соат 3:20 да қутқарувчилар ва бошқа одамлар жароҳатланганларга ёрдам бериш учун келганида иккинчи портлаш содир бўлди.

Сўнгги хабарлар