Эронда 48 киши қалбаки спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, вафот этди
ASTANA. Kazinform – Эроннинг тўрт провинциясида метил спиртидан тайёрланган қалбаки спиртли ичимликлар ичган шахсларнинг ўлими ва заҳарланиши факти кўпаймоқда. Сохта ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган гумонланувчилар қўлга олинди, бироқ Эрон бозорида ўта хавфли ичимликлар ҳамон мавжуд, деб ёзади Hamshahri.
Нашр маълумотларига кўра, республиканинг тўртта вилоятида метил спиртидан тайёрланган алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш оқибатида вафот этганлар ва кўриш қобилиятини йўқотганлар сони ортиб бормоқда.
Ҳозиргача 48 киши вафот этган. Уларнинг ярмидан кўпи Мозондарон вилоятида, қолганлари Гилон, Занжон ва Ҳамадон вилоятларида яшаган. Тўрт вилоятда юзлаб одамлар заҳарланиб, касалхонага ётқизилган, уларнинг баъзилари кўриш қобилиятини йўқотган.
Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар қандай ичимлик ичгани ва уни қайси компания тайёрлагани ҳақида маълумот йўқ. Қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланган гумондорлар ҳибсга олинган бўлса-да, ҳукумат хавфли маҳсулотларни бозордан тизимли равишда олиб ташлашга қодир эмас.