Эрон Ўзбекистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилди

Эрон
Фото: irna.ir

Эрон Вазирлар Маҳкамаси бир томонлама тартибда 32 давлат билан виза режимини бекор қилишни маъқуллади. Бу ҳақда Kazinform агентлиги IRNAга таяниб хабар беради.

Виза режими бекор қилинган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, рўйхатдан БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Ҳиндистон, Россия, Ливан, Қирғизистон, Тожикистон, Тунис, Мавритания, Танзания, Зимбабве, Маврикий, Сейшел ороллари, Индонезия, Бруней, Япония, Сингапур, Камбоджа, Малайзия, Вьетнам, Бразилия, Перу, Куба, Мексика, Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия ва Беларусь ҳам жой олган.

Янгилик тўғрисида Эрон маданий мерос, ҳунармандчилик ва туризм вазири Иззатуллоҳ Зурғомий Теҳрондаги Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг журналистларга маълум қилди.

Эрон вазирининг қайд этишича, ҳукумат бутун дунёга мамлакат эшикларини очмоқчи.

"Эрон дунё, одамлар билан мулоқот қилмоқчи, эронофобия билан курашмоқчи. Виза режимининг бир томонлама бекор қилиниши Эронга бемалол келадиган чет эл фуқаролари билан мулоқот қилиш учун имкониятдир", — деб таъкидлади Зурғомий.

Вазир сўзларига кўра, дастлаб 60 мамлакат билан виза режимини бекор қилиш таклифи берилган. Аммо якунда 33 таси маъқулланган.

Сўнгги хабарлар