Эрон Форс кўрфази орқали дунёдаги энг узун туннел қуриш режасини эълон қилди

Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг Қатарга ташрифи арафасида Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Рўстам Ғасемий томонлар транзит, денгиз ва ҳаво транспорти соҳасида тўртта келишув имзолашини маълум қилди. Муҳокама қилинадиган масалалар қаторида Эроннинг Дейяр порт шаҳридан Қатар давлатига туннел қуриш ғояси ҳам бор.
21 феврал, душанба куни Эрон президенти Иброҳим Раисий Араб давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал-Таний таклифига биноан расмий ташриф билан Қатарга келди.
Бу Раисининг Форс кўрфазидаги араб давлатига ўтган йилнинг август ойида лавозимга киришганидан бери биринчи ташрифи ва Эрон президентининг 11 йил ичида Қатарга биринчи ташрифи. Сешанба куни Эрон раҳбари Доҳада бўлиб ўтаётган Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форумида (ГЭМФ) иштирок этди.
Сув ости туннели Эроннинг Дейяр портини Қатар билан боғлайди ва темир йўл ва автомобил инфратузилмасини ўз ичига олади. Middle East Monitor нашрига кўра, Эрон томони биринчи навбатда техник-иқтисодий асослаш амалга оширилишини маълум қилган.
Қатар ярим оролининг шимолий нуқтасидан Эрон қирғоқларигача бўлган энг қисқа масофа Дейяр порти яқинида тахминан 190 км. Бу Франция ва Буюк Британияни боғлайдиган энг узун сув ости Ла-Манш туннелидан беш баравар узунроқ бўлади, деб ёзади Forbes.
«Лойиҳа Қатар-Эрон қўшма қўмитаси лойиҳа бўйича ўрганиш ва музокараларни якунлагандан кейингина ишга туширилади», — деб хабар қилди Эрон давлат телевидениеси Press TV.
Муаллиф: Арсен Утешев