Эрон Афғонистон билан чегарада 10 км девор қурди

ASTANA. Kazinform – Эрон ҳарбийлари мамлакатни муҳожирларнинг кириб келишидан ҳимоя қилиш учун Афғонистон билан чегарада 10 километрдан ортиқ масофада девор қурди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Иран-Ауған шекарасы
Фото: Тehrantimes

Нашрнинг ёзишича, Эрон ва Афғонистон ўртасидаги умумий чегара 900 километрдан ортиқ бўлиб, қочқинлар гуруҳлари доимий равишда ундан ўтиб кетади. Афғонистонлик муҳожирлар оқими эса 2021 йил августида “Толибон” Афғонистон ҳукумати тепасига келгандан сўнг ортган.

“Чегарада 10 километрдан ортиқ девор қурилди, яна 50 километри қуриб битказилиши керак”, – деди Эроннинг Қуруқликдаги кучлар қўмондони ўринбосари Генерал Нозар Неъматий.

Қайд этилишича, Теҳрон афғон муҳожирлари сони бўйича расмий рақамларни очиқламаган, бироқ парламент аъзоси Аболфазл Тўрабий уларнинг сонини 6 миллиондан 7 миллионгача эканини маълум қилган. Ҳукумат сўнгги пайтларда ноқонуний қочқинларга нисбатан босимни кучайтириб, улар мунтазам равишда шарқий чегарадан чиқариб юборилганини ҳам эълон қилган.

“Чегарани тўсиб қўйиш орқали биз мамлакатга кириш ва чиқишни назорат қилмоқчимиз ва чегара ҳудудларида хавфсизликни кучайтирмоқчимиз”, – деди Неъматий.

Сентябрь ойида Эрон Ички ишлар вазири Эскандар Момений Эрон чегарани ёпиш учун деворга қўшимча равишда тиканли сим ва сув билан тўлдирилган ариқлардан фойдаланишини маълум қилган. Шунингдек, 13 сентябрь куни парламент Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Иброҳим Ризоий полиция яқин келажакда икки миллиондан ортиқ ноқонуний фуқароларни чиқариб юборишни режалаштирганини айтган.

Маълумотларга кўра, жорий йил март ойидан бери Эрон рўйхатга олинган 2,7 миллиондан ортиқ афғон қочқинини қабул қилган. Бу рақам мамлакатдаги қонуний муҳожирларнинг 97 фоизини ташкил қилади.

Сўнгги хабарлар