Еркин Туқумов: Туркий давлатлар ташкилотини сиёсийлаштирмаслигимиз керак

Туркий давлатлар ташкилоти
Фото: ҚР Президенти ҳузуридаги ҚазСТИ матбуот хизмати

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори Еркин Туқумов иштирокчи давлатларни Туркий давлатлар ташкилотини сиёсийлаштирмасликка чақирди. Унинг фикрича, мамлакатлар иқтисодиёт, сармоя ва инновация соҳасида ривожланиши керак, деб хабар беради Каzinform мухбири.

- Геосиёсий ёриқлар ва қарама-қаршиликлар даврида биз нолдан муаммо яратишимиз шарт эмас. Иқтисодиётда ривожланиш, сармоя, инновациялар керак. Бугунги кунда ТДТ тадқиқот марказини яратиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича яхши таклифлар аллақачон мавжуд. ТДТ ҳеч кимга қарши қаратилган эмас. Биз ташкилотимизни сиёсийлаштирмаслигимиз керак. Биз муҳокамани прагматик тарзда ва ўз манфаатларимизга йўналтирилган ҳолда олиб бормоқдамиз”, — деди Еркин Туқумов таҳлил марказлари йиғилишида.

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ҚазСТИ раҳбари Туркий давлатлар ташкилоти экспертлар ҳамжамияти ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим рол ўйнашини таъкидлади.

– Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш учун мамлакатларимиз илмий ва эксперт доираларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадга мувофиқ кўринади. Мутахассислар даражасида мавжуд муаммоларни умумий тушуниш ва уларни ҳал қилишнинг энг самарали усулларини ишлаб чиқиш зарур. Савдо-иқтисодий, транспорт, логистика, инфратузилманинг илмий йўналишларини ривожлантириш зарур. Ишончим комилки, кучли экспертлар мулоқоти ТДСга аъзо давлатлар иқтисодиётини ривожлантиришга ёрдам беради”, - деди Еркин Туқумов.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори Туркий кенгашнинг Туркий давлатлар ташкилотига айлантирилиши ҳамкорлигимиз чуқурлашиб бораётганидан далолат эканини таъкидлади. Бу мамлакатларимизнинг қўшма тарихида янги босқични белгилаб берди, шунинг учун ТДТ иштирокчи давлатлари ўз олдиларига чуқур иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсадларни қўйдилар.

- 2010 йилдан 2022 йилгача Қозоғистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо айланмаси қарийб 3 бараварга, 4,5 дан 12,9 миллиард долларгача ошди. Ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 23 миллиард долларга етказишга умид қиламиз. Бунга ҳамкорлигимиз савдо-ишлаб чиқариш салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтирадиган қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали эришиш мумкин. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши тез орада Қозоғистон транспорт-логистика саноатининг локомотивига айланиши мумкин. Биз аллақачон Хитойдан Европага транзит муддатини камида 3 баробарга, 53 кундан 19-23 кунгача қисқартиришга эришдик. Шу билан бирга, Қозоғистон ҳудуди орқали транзит ўтиш икки баробарга қисқарди - 12 кундан 6 кунгача. Мамлакатимиз жорий йил охиригача бу кўрсаткични 5 кунга етказишни режалаштирмоқда”, — дея қўшимча қилди у.

Қайд этиш жоизки, ТДТ давлатларининг етакчи ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг йиғилиши жадал ўзгариб бораётган халқаро вазият шароитида Ташкилот аъзолари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланди.

Муаллиф: Арайлим Мурат

Сўнгги хабарлар
telegram