Эрдоған Туркиянинг биринчи космонавтига муваффақият тилади
Режеп Таййип Эрдоған Халқаро космик станцияга учириладиган биринчи турк астронавти Альпер Гезеравжи билан суҳбатлашди, деб хабар беради Туркия Радио Телевизия портали.

Матбуот хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши чоғида Президент Эрдоғаннинг: “Сиз коинот миссиясини амалга оширадиган мамлакатимизнинг биринчи фуқароси бўласиз. Сиз халқимиз фахри бўласиз. Тайёрмисиз?" – деган саволига Гезеравжи тайёр эканлигини айтди.

Туркия Президенти Эрдоған, бу коинот саёҳатининг жуда муҳим эканлигини айтиб, космонавтга муваффақиятлар тилади. Унинг айтишича, бу вазифа ҳам илмий миссия, ҳам болалар ва ёшларни руҳлантирадиган қимматли, янги бошланиш бўлади.
“Бу миссия давом этади. Мақсадни оширишда давом этамиз. Сизга ва жамоадошларингизга муваффақиятлар тилаймиз. Вазифангизни эсон омон бажаришингизни тилайман. Аллоҳ ёр бўлсин. Йўлингиз очиқ бўлсин”, – деди Режеп Таййип Эрдоған.
Эслатиб ўтамиз, Альпер Гезеравжи бўлган жамоани олиб кетаётган ракета Туркия вақти билан 19 январь куни соат 00:49 да коинотга учирилади.