ЕОТБ Қозоғистонга инвестицияларини 1,6 миллиард долларгача оширади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов билан учрашув ўтказди. Инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ЕОТБ иштироки масалалари кўриб чиқилди, дея хабар беради Kazinform.
Олжас Бектенов ва Николай Подгузов Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) Қозоғистондаги фаол сармоявий фаолиятини таъкидладилар. Йил бошидан буён банк томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 900 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар молиялаштирилди, 2023 йилда Қозоғистонга 1 миллиард доллар сармоя киритилди, йил охирига қадар инвестициялар ҳажми 1,4-1,6 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда.
ЕОТБнинг Қозоғистондаги устувор лойиҳалари қаторида кўмир қазиб олишнинг циклик технологиясини жорий этиш, қуёш электр станцияларини қуриш, “Астрахан-Манғишлоқ” магистрал сув қувурини реконструкция қилиш ва кенгайтириш, шунингдек, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш киради.
Олжас Бектенов Евроосиё тараққиёт банки муҳим ҳамкор ва ишончли сармоя манбаи эканини таъкидлади.
“Давлатимиз раҳбари Қозоғистон халқига Мурожаатномасида устувор инфратузилма муаммоларини ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Ҳукумат ҳозирда муҳандислик, транспорт, ижтимоий ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш ва қуриш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Биз банк билан ўзаро манфаатли шартлар асосида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрмиз ва мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдормиз”, — деди Олжас Бектенов.
Ўз навбатида, ЕОТБ раиси Николай Подгузов банк йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, томонлар банкнинг жорий инвестиция портфели, капитал тузилмасини диверсификация қилиш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.