ЕОИИга аъзо давлатлар чегарасидан пул олиб ўтишга оид янги қоида кучга кирди
Янги қоидага кўра, ЕОИИ чегарасидан 10 минг АҚШ долларидан (ёки эквивалентда) кўп миқдорда пул олиб ўтиш учун тегишли декларацияни тўлдириш талаб этилади. Агар сумма 100 минг АҚШ долларидан ошадиган бўлса, декларация билан бир қаторда пулнинг манбаасини тасдиқлайдиган ҳужжатни ҳам тақдим этиш лозим.
Пулнинг манбааси сифатида шахсий ҳисобидан нақд пул олганлиги тўғрисидаги ёки кредит берилганлик тўғрисида банк берган маълумотнома тақдим этилиши мумкин. Бундан ташқари, шартномалар, меърос ёки ҳадя сифатида берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам кўрсатиш мумкин.
«Қаердан олинганлиги кўрсатилмаган пулларни ЕОИИ чегарасидан олиб ўтишга йўл қўйилмайди», - дейилган хабарда.
Хабарда айтилишича, ушбу ўзгаришлар терроризмни молиялаштириш ва қонунга хилоф йўл билан пул топишга қарши курашиш учун муҳимдир. Норма ЕОИИ таркидига кирувчи Армения, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия ҳудудида амал қилади.
Янги қоида 2020 йил 4 февралдан эътиборан кучга кирди.