Эмомали Раҳмон МО мамлакатлари саноат вазирларининг биринчи йиғилишини Душанбеда ўтказишни таклиф қилди

Эмомали Рахмон
Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – 9 август куни Астана шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Иштирокчилар минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг кўламли долзарб масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ўз нутқи чоғида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг эътиборини савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳаларда алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш янги технологияларни жорий этиш, йирик транспорт, инфратузилма ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш, гидроэнергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ва бошқа долзарб масалаларига қаратди.

Эмомали Раҳмон сўнгги олти йилда минтақада ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди ва буни мамлакатлар раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси самараси, деб баҳолади.

Тожикистон раҳбари дунёда жадал ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда Марказий Осиё келажаги бўйича ягона позицияни шакллантириш зарурати пайдо бўлганини айтди.

Тожикистон Республикаси Президенти ўтган маслаҳат йиғилишларида юздан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани, улар кўриб чиқилаётган ва истиқболли эканини таъкидлади. Уларнинг ҳар бирининг ҳаётга татбиқ этилиши биргаликда ривожланиш салоҳиятини ошириши шубҳасиз.

Сўнгги беш йилда минтақада товар айирбошлаш ҳажми 80 фоиздан ортиқ ўсиб, 10 миллиард АҚШ долларидан ошди. Эмомали Раҳмоннинг айтишича, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланилса, минтақада товар айирбошлаш тез орада 20 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин.

Шунингдек, у Тожикистон Марказий Осиё мамлакатлари саноат вазирларининг биринчи учрашувини келаси йили Душанбе шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

Шунингдек, маслаҳат учрашувлари доирасида ҳар йили “Экспо – Марказий Осиё” кўргазмасини ўтказиш фойдали деб топилди.

Электрон тижорат, рақамли технологиялар ва энергетика, айниқса яшил энергия соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш минтақада яшил иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омиллари сифатида белгиланди.

Ўсиб бораётган глобал таҳдидлар фонида Тожикистон Республикаси раҳбари хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги самарали шаклларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Президент Эмомали Раҳмон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида яқин ҳамкорлик механизмларини яратиш зарур, деб ҳисоблайди.

Сўнгги хабарлар
telegram