«Emirates» авиакомпанияси Қозоғистонга рейслар очишни режалаштирмоқда

«Emirates» авиакомпанияси
Фото: pixabay.com.

«Emirates» авиакомпанияси Қозоғистонга рейслар очиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Kazinform.

ҚР Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Талғат Ластаев Эрон ва Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Муҳаммад Салим Алҳаммадий бошчилигидаги «Emirates» авиакомпаниясининг вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда авиакомпания Қозоғистонга рейсларни 2024 йилда очишни режалаштираётгани маълум қилинди. Парвозларнинг очилиши «Боинг-787» ва «Эйрбас-А350» самолётларини етказиб бериш билан боғлиқ.

Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари авиация ҳокимиятлари ўртасидаги келишувларга мувофиқ, мамлакатлар ўртасида “очиқ осмон” режими қўлланилади. Унга кўра, давлатлар ўртасидаги парвозларда авиакомпаниялар, йўналишлар, парвозлар частотаси ва самолёт сиғими бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Учрашув якунларига кўра, томонлар «Emirates» авиакомпаниясининг Қозоғистонга рейсларини очиш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Қайд этиш жоизки, «Emirates» - йўловчи ташиш ҳажми бўйича жаҳон авиакомпаниялари орасида етакчилардан бири ҳисобланади. Ўтган йили авиакомпания 43 миллиондан ортиқ йўловчини ташиган.

Сўнгги хабарлар
telegram